Вилоят маркази катта байрам арафасида: Наманган халқаро аэропортидан марказий боққача гулларга бурканиши керак!
Наманганда ўтказиладиган анъанавий “Гуллар фестивали”нинг бу йилги мавсуми бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов тайёргарлик ишларининг боришини ўрганди.
Якунда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида фестивалга дахлдор мутасаддилар иштирокида Ишчи гуруҳининг муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда фестивалга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, асосий кўча ва бино – иншоотларнинг ташқи фасадини гуллар билан безаш, автопарад, 3 та боғдаги тайёргарликлар, маданий-маърифий тадбирлар, жамоат тартибини сақлаш, ОАВларда тарғибот, хуллас, байрамни байрамдек ўтказиш учун зарур бўлган бирон ҳолат эътибордан четда қолмади.
Вилоят раҳбари 19 майдан 23 июнга қадар ўтадиган анъанавий халқаро фестивал доирасида ҳар бир соҳа ва йўналиш мутасаддиларига аниқ топшириқ ҳамда кўрсатмалар берди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.