Фестивал яқин – меҳмонлар эса ҳозирдан ҳайратда.
Шу кунларда Наманган ва наманганликлар 63-бор ўтказилаётган “Гуллар фестивали”га тайёргарлик шукуҳи билан яшамоқда десак, муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш жоиз, фестивал довруғини эшитиб, боққа ҳозирдан меҳмонлар келиши бошланган. Хусусан, Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида Россия Федерацияси пойтахти – Москва шаҳридан келган бир гуруҳ сайёҳларни учратдик.
Ўзини Алексей Бобилёв, Алла Соколова, Марина ва Михаил Зикеевлар деб таништирган меҳмонлар билан суҳбатлашганимизда, “Гуллар фестивали”га кўрилаётган тайёргарлик ва унинг қамровидан, амалга оширилаётган ишлардан ҳайратда эканликларини алоҳида таъкидладилар.
«Ўзбекистон – гўзал, халқи меҳмондўст бўлгани учун саёҳатга келганмиз. Бугун Наманганга келиб, гуллар фестивали ҳақида эшитдик. Кўзимиз билан кўриш учун шу боққа келдик. Ҳайрат ва таассуротларимиз бир олам. Телефонимиз хотирасига фото ва видеолар сиғмай қоляпти. Бири-биридан чиройли манзара. Ҳозирдан байрам руҳини ҳис этяпмиз. Москвада ҳам “Ботаника боғи” (“Ботанический сад”) ва “Дорихоначилар томорқаси” (“Аптекарский огород”) бор. Табиат, гўзаллик шайдолари ўша жойларга борамиз. Намангандаги бу манзара бизни шунчаки ҳайратда қолдирди. Юртга қайтганимизда яқинларимизга кўрсатамиз. Фестивалга, албатта кўпчилик бўлиб келамиз»,-дейишди меҳмонлар.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.