ХАВФЛИ АХБОРОТЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИШ КЕРАК. УНГА ҚАРШИ АХБОРОТ МАКОНИНИ ЯРАТИШГИНА ЖАМИЯТНИ МАЪНАВИЙ ЎПИРИЛИШЛАРДАН САҚЛАБ ҚОЛАДИ. БУ ЙЎЛДА ОАВ, ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР КАТТА КУЧ.
1 min read

ХАВФЛИ АХБОРОТЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИШ КЕРАК. УНГА ҚАРШИ АХБОРОТ МАКОНИНИ ЯРАТИШГИНА ЖАМИЯТНИ МАЪНАВИЙ ЎПИРИЛИШЛАРДАН САҚЛАБ ҚОЛАДИ. БУ ЙЎЛДА ОАВ, ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР КАТТА КУЧ.

Ахборотлашган дунё билан юзма-юз турибмиз. Ҳар куни тезкорлик билан тарқалаётган ахборотлар оқими ичида яшаш, таҳлил этиш, керакли маълумотларни ажратиб олиш каби мураккаб бир жараённи жамиятнинг ҳар бир бўғини ўз бошидан кечирмоқда. Бугун дунёдаги ўзаро низолар қурол билан тўқнаш келмаслиги ҳам барчага аён. Фақатгина ахборотлар орқалигина жиддий вазиятлар юзага келаётгани сир эмас.

Мана шундай даврда оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларнинг ўрни ва фаолияти қандай бўлиши керак? Нима қилсак халқимизнинг маънавиятини сақлаб, яшаб кета оламиз? Миллатимизнинг ору-номуси, ғурурини баланд тутиш, жамиятни коррупция иллатидан қутқариш, давлатга қандай тиргак, халққа мададкор бўлиш мумкин? Мана шундай саволлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси  ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда  Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамкорлигида ўтказилган ўқув-семинарида атрофлича таҳлил этилди, ўрганилди.

– Биз журналист ва блогерларга нисбатан ҳар-хил муносабатда бўламиз. Айрим ҳолларда қўштирноқ ичида “иғвогар”, “ёзувчи”  деган нотўғри қарашлар мавжудлиги сир эмас. Аммо журналист фидойи, жафокаш, жамиятга оина мисолидир. Бу тизим давлат ҳокимиятининг амалдаги ишларини таҳлил эта олувчи куч! Халқ билан ҳокимият ўртасидаги кўприк. Шундай экан, журналист ва блогерларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, маънавий дунёсини янада кенгайтириш орқали жамиятни ичидан емириши мумкин бўлган ахборот хуружларига қарши иммунитет ҳосил қила олиш мумкин. Демакки, журналист ва блогерлар зиммасида, миллат ва унинг эртанги тақдирини яратиш масъулияти мужассам. Аввало улар олдида хавфли ахборотларга қарши ахборот маконини яратишдек тарихий жараён турибди. Жамият тафаккурини ва фикрини ўзгартиш ОАВ зиммасидаги вазифа, -деди ўз сўзида Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчиси, Бобоқул Тошев.

Дарҳақиқат хавфли ахборотларга қарши ахборот маконини яратиш бугуннинг кечиктириб бўлмас вазифаси эканлигини ҳаёт кўрсатиб турибди. Давлат ҳокимияти тизимидаги муаммолар, коррупция ҳолатлари, ваҳшийлик, зўравонлик урчиб бораётган давр,  ижтимоий тармоқлардаги турли муносабат, фикрлар тўқнашуви, ҳушёр бўлишга ундайди. Айрим оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогларнинг мансабдор шахслар, турли кучларнинг  “Буюртма”си  асосида фаолият юритаётгани эса хавотирга арзирлидир. Улар тарқатаётган ёлғон ахборот жамиятнинг қон томирига жўнатилаётган “оғу”га ўхшайди. Бу глоболлашув жараёнида биринчидан ахборот майдонида нохолислик билан ёндошувни ва халқнинг ахборотга ишончсизлигини кучайтиради. Қолаверса, шахсни обрўсизлантириш, турли бўҳтонлар уюштириш билан шуғулланувчи “Обрўсизлантириш компаниясига” айланиши мумкин. У жамиятнинг барча бўғинларига кучли таъсир этади. Ҳатто инсониятни ҳалокатга элтувчи ғоялар тарғиботини кенг ёйиши, ёшларни маънавий инқироз сари етаклаши мумкин. Қаердан, қандай маълумот олиш ёхуд нимага ишониш ёки ишонмаслик ҳолати кўплаб инсонларни карахт аҳволга солиши ёхуд бефарқлик исканжасига солиш каби вазиятларни вужудга келтиради. Бу эса ҳар қандай жамиятни фалаж ҳолга солиш эҳтимолидан ҳам йироқ эмас.

Шу ўринда болалигимизда кўп эшитган бир эртак ёдимга тушди. “Ёлғончи чўпон” ҳақида.

“У уйимга ўт кетди, деб одамларни алдайди. Улар ишониб ёрдамга шошадилар. Афсуски, чўпон: “Алдадим!” деб уларга уялмай гапиради. Кейин яна алдаб: “Қутқаринглар!” деб жар солади. Учинчи маротаба уйига чиндан ҳам ўт кетади. Афсуски, қанча “жар” солиб ёрдам сўрамасин: “Яна алдаяпти!” деб ёрдамга келмайдилар!”

Бу эртак замиридаги халқимизнинг асрлар оша сайқалланиб келган тажрибасини мушоҳада қилиб кўрсак, ижтимоий тармоқлардаги вазият халқимизнинг тарихий чиғириқларидан ўтганлигига гувоҳ бўламиз. Бугун ижтимоий тармоқлар бағрида ана шундай “Ёлғончи чўпон” ҳақидаги эртакларга ўхшаш жараёнларни кузатмоқдамиз. Нафақат ижтимоий тармоқларда балки, хусусий телеканалар, улар кўтариб чиқаётган миллий мафкурамиз ва ахлоқ-одоб қоидаларига зид ток шоулар, рекламаларда маънавиятимиз кушандасига айланиши мумкин бўлган яширин рекламалар (ҳатто оилада гапиришга ҳам уяладиган айрим маҳсулотларнинг рекламаси), турли киносериаллар уларни узоқ гапириш, таҳлил этиш мумкин.

Ўқув семинарида журналист ва блогерларнинг мана шундай ҳолатларга холислик билан муносабат билдириши, оммавий ахборот воситалари эркинлигини суистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги, Журналист суриштируви ва уни амалга ошириш тартиби, ахборот тарқатишда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда жавобгарлик масаласи ва бошқа кўплаб мавзуларда журналист ва блогерлар билан баҳс-мунозаралар юритилди. Иштирокчилар ўқув семинарининг сўнгги  кунида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

-Ҳар бир журналист ва блогер ўз виждонига қулоқ солиб, фаолият юритиши жамиятнинг тараққий этишида муҳим омилдир. Бу йўлда ҳамкасбларимиз албатта фидойилик кўрсатадилар, – деди Наманган вилоят Ахборот ва оммавий комммуникация бошқармаси бошлиғи Алибек Эргашев. Шундан сўнг, “Правда востока ” газетасининг вилоятдаги мухбири Феруза Атахонова, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг вилоятдаги шарҳловчиси Оқилхон Дадабоев, журналист Илҳом Мусаевлар сўз олиб, журналист ва блогерларнинг жамиятдаги ўрни бевосита уларнинг ҳуқуқий билимлари билан боғлиқ эканлигини семинарда яна бир бор ҳис қилинганига тўхталиб ўтдилар.

– Бизнинг уйда ажойиб анъана бор. Дадам ҳар куни кечда, оила даврисида бугун ким қаерда бўлди ва нима ўрганди? – деган саволни берадилар. Мен уч кун давомидаги ўқув семинарида бўлганимни, журналист сифатида зиммамизга юклатилаётган вазифаларни тўлқинланиб гапириб бердим, – деди қувонч билан Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот котиби Мафтуна Режаббоева.

-Ушбу семинарга таклиф этишганда: “Яна шунчаки расмиятчиликда” деган хаёл билан рўйхатга ўтиш учун келгандим, тўғриси. Аммо ўн дақиқа иштирок этиб, жуда муҳим ва долзарб масалаларга бағишланган семинар эканлигини тушуниб етдим. Ва уч кун давомида фаол иштирок этдим. Журналист ва блогерлар ўз фаолиятларини юритишда ҳуқуқий билимларнинг жуда муҳим эканлигини устозим Бобоқул Тошевнинг маърузаларидан чуқур ўргандим. Журналист ва блогерлар мана шундай малака ошириш курсларини кўпроқ ташкил этишлари бўйича таклифимни билдираман, дея журналист Нилуфар Ниёзова семинарнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Наманганда фаолият юритаётган расмий сайт эгалари ва блогерлар Азимжон Алиакбаров, Акбарали Нуриддиновлар ҳуқуқий масаладаги ўқув семинарида иштирок этиб, ўзлари учун муҳим ахборотлар, билим олишганини алоҳида эътироф этишди.

Дарҳақиқат, бугун хавфли ахборотлардан эҳтиёт бўлиш керак. Унга қарши ахборот маконини яратишгина маънавий ўпирилишлардан сақлаб қолади. Бу йўлда журналист ва блогерлар катта куч. Шундай тарихий жараёнда барчамиз ўз виждонимизга қулоқ солиб, ҳуқуқий билимлар асосида фаолият юритишимиз келажак учун муҳим пойдевордир.

 

Шоира ТЎХТАБОЕВА,

Наманган вилояти АОКБ бош мутахассиси

Fikr bildirish