Кластер тизими, мазмун-моҳияти ва аҳамияти
1 min read

Кластер тизими, мазмун-моҳияти ва аҳамияти

Ҳозирги мураккаб ва қалтис давр дунё миқёсида аграр соҳанинг ҳал қилувчи ўрни ва аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатиб бермоқда. Мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорликни янада ошириш энг муҳим масалага айланмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча тармоқлари каби, қишлоқ хўжалигида ҳам чуқур таркибий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, қайта ишлаш ва экспорт инфратузилмасини ривожлантириш, фермер ва деҳқонларнинг даромадини ошириш юзасидан аниқ чора тадбирлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, қишлоқ аҳлининг турмуш шароитини янада яхшилаш, манфаатдорлигини таъминлаш масалалари бевосита қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг замонавий усули – кластерлар тизими билан боғиқ. Таъбир жоиз бўлса, ушбу янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи куч — драйверига айланди.

Кластернинг афзаллик томонлари нимада? У қайси омиллар ҳисобига ривожланяпти? Кейинги йилларда катта эътибор қаратилаётган қишлоқ хўжалигининг мазкур йўналиши ўзини қай даражада оқлаяпти?

Кластер – бу хом-ашё етиштиришдан бошлаб то қайта ишланган тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёнларни қамраб олган бир бутун тизим.

  • Кластер – бу қўшилган қиймат занжирининг барча иштирокчиларини (фермерлар, қайта ишловчи корхона, экспортёр) бир мақсад сари жамлаган корхоналар гуруҳи.

Унинг мақсади эса:

  • маҳсулот етиштиришдан бошлаб тайёр истеъмолга қадар қайта ишлаш жараёнларини қамраб олиш, қўшилган қиймат занжирини яратиш ва якунида олинадиган тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга йўналтириш;
  • маҳсулот етиштиришда замонавий инновацион технологияларни жалб қилиш орқали агротехник тадбирларни янгилаш, ҳосилдорликни бир неча баробарга ошириш.
  • оптимал харажат қилиб, кўп даромад олиш. Маҳсулот етиштирувчиларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш.
  • маҳсулот етиштирувчилар моддий-техник базасини замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналари билан бойитиш, уларга хизмат кўрсатишни ва инфратузилма объектларини янгилашдан иборат.

Бу тизим деҳқонларимиз, аграр соҳа вакилларига янгича замонавий услубда ишлашни ўргатди. Маҳсулот экишдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ягона технологик тизимга бирлаштирган ишлаб чиқаришнинг янги мажмуаси илм-фан ютуқларини, янги инновацион технологияларни амалиётга жорий этишга ҳам кенг йўл очиб берди.

Fikr bildirish