АҚШ Конгресси Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади
1 min read

АҚШ Конгресси Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади

«Ўзбекистон бўйича кокус» ҳамраислари, конгрессменлар Трент Келли ва Виценте Гонсалес AҚШ Конгресси Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш бўйича резолюция лойиҳасини тақдим этишди.

AҚШ Конгресси Вакиллар Палатасининг Халқаро алоқалар қўмитасида ўтказилган тингловлар давомида конгрессмен Трент Келли AҚШ ва Ўзбекистон барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва минтақада барқарорликни сақлаш бўйича умумий мақсад ва устувор йўналишларга эга эканлигини таъкидлади. Трент Келли Конгрессни Ўзбекистон билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, AҚШ билан ҳар томонлама иқтисодий, савдо, сармоявий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга чақирди.

Резолюцияда қайд қилинишича, АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига содиқлиги таъкидланиб келинмоқда ва мамлакат муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларда сезиларли ютуқларни олқишлайди. Ҳужжатда Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида мустаҳкамланган ислоҳотлар дастурининг аҳамияти таъкидланган.

Стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берган 2018 йил май ойида Ўзбекистон раҳбарининг AҚШга тарихий ташрифи икки томонлама кун тартибидаги муҳим воқеа сифатида кўрсатилган. Конгрессменлар икки томонлама сиёсий мулоқот механизми – AҚШ ва Ўзбекистоннинг йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларини (Annual Bilateral Consultations) стратегик шериклик мулоқотига айлантиришни қўллаб-қувватладилар.

Ҳужжатда Ўзбекистон ҳукуматининг республикадаги инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилашга, коррупцияга қарши курашиш чоралари ва суд тизимининг шаффофлигини оширишга, давлат хизматчиларининг жавобгарлигини кучайтиришга, сўз ва оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини, одам савдоси, шу жумладан пахта теримида мажбурий ва болалар меҳнатини йўқ қилиш ва диний эркинликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар дастурини олқишланган.

Резолюцияда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги алоҳида ўрни таъкидланди. Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги диалогнинг Марказий Осиёдаги кўп қиррали ҳамкорлик форматлари, шу жумладан «C5 + 1» форматидаги аҳамияти таъкидланган. Мамлакатимизнинг Марказий Осиёда иқтисодий етакчи сифатидаги ўсиб бораётган роли тан олинади.

Fikr bildirish