Солиқ соҳасидаги янгиликлар
1 min read

Солиқ соҳасидаги янгиликлар

Солиқ юкини пасайтириш ва солиқ тўловчиларга замонавий хизмат кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг амалий натижаларини қуйидаги рақамлар хам кўрсатиб турибди.

Хусусан, Тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида охирги 4 йилда солиқ имтиёзлари ҳисобидан 119,5 трлн.сўм (бугунги кунги курсда ҳисобланганида ҳам 11,3 млрд. доллар) маблағ қолди ёки бу солиштириш учун республиканинг 2016 йилдаги солиқ тушумлари даромадидан 4 бараварга кўп дегани.

Солиқ юкининг камайиши солиқ тўловчилари сони ва бюджетга солиқ тушумларининг ошишига ижобий таъсир кўрсатиб, ҚҚС тўловчилари сони 17,3 бараварга, фойда солиғи тўловчилари 15,2 бараварга, сув солиғи тўловчилари 36,5 бараварга ва ер солиғи тўловчилари 38 бараварга кўпайди.

Бу ўз навбатида солиқ тушумларининг ошишига олиб келиб, 2016 йилга нисбатан 2020 йилда тушумлар 3,3 бараварга ўсди.

2021 йилнинг I ярим йиллигида бюджет даромадларига тушумлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига 134 фоизга ўсишига эришилди.

Жорий йилдан бошлаб, иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ суммасини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди.

Натижада шу йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади.

Вазирлар Маҳкамасининг 460-сон қарори (24.07.2021 й.) билан «Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом» тасдиқланди. Унга кўра,

▫- ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши сўралаётган ҳисобот ойида ёш ходим 25 ёшдан ошмаган;

▫️- узлуксиз 6 ой давомида меҳнат фаолиятини амалга оширган ҳамда иш берувчи томонидан ижтимоий солиқ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (электрон қайд) мавжуд бўлган ёш ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси иш берувчига қоплаб берилади:

Низомда белгиланган чоралар 2021 йил 1 майдан 2023 йил 15 январгача тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб беришга нисбатан татбиқ этилади.

2022 йил декабрь ойи учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш учун иш берувчи томонидан ариза беришнинг охирги муддати 2023 йил 1 апрель куни ҳисобланади.

Мазкур низомда белгиланган чоралар татбиқ этилиши учун иш берувчи солиқ тўловчи сифатида рўйхатда турган солиқ органига ижтимоий солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмасдан солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали ариза тақдим этиши лозим.

Мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Низом 2023 йил 1 январга қадар амал қилади.

Яна бир янгилик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги

ПФ-6260-сон Фармонига асосан:

олий ва профессионал таълим муассасалари яъни техникум ва коллежларда ўқиш учун тижорат банкларидан олинган таълим кредитларини қоплашга йўналтирилган жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ имтиёзлари қўлланиши;

ёш оила томонидан олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни эр-хотин ёки улардан бирининг ёши белгиланган ёшдан яъни 26 ёшдан ошгунига қадар ҳар бир солиқ даври давомида тегишли миқдорда қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланди.

Шунга асосан, мазкур тартибларни назарда тутувчи Қонун асосида амалдаги Солиқ кодексига тегишли ўргартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг мазкур имтиёзлар қўлланилиши бошланади.

Fikr bildirish