Интеллектуал мулк масаласи долзарб муаммо
1 min read

Интеллектуал мулк масаласи долзарб муаммо

Тадбиркор Феруз Аллаев ёзяпти:

«Кашфиёт, инновация ва янги яратиладиган асарлар сони кўпайтириш учун энг муҳим нарсалардан бири интеллектуал мулк ҳимоясидир. Ҳар ким яратган интеллектуал маҳсулотига нисбатан муносиб даромад кўрмаса, келажакда уларда яна янги интеллектуал маҳсулотлар яратишга мотивация бўлмайди.

Олимни ҳам, қўшиқчини ҳам, ёзувчини ҳам, дастурчини ҳам, рассомни ҳам ўз тирикчилиги бор. Қилинган меҳнат орқасидан етарли даромад келмаса, янгиликларга нисбатан интилиши ўлиб боради.

Шу учун Ўзбекистонда интеллектуал мулкни қатъий ҳимоя қилиш келажак учун инвестиция эканлигини анчадан бери айтиб келаман.

Шунингдек, ривожланган давлатларда интеллектуал мулк муқаддас ҳисобланади. Халқаро алоқаларда мамлакатда интеллектуал мулк бўйича қонунчилик қанчалик шаклланганлиги, халқаро қонунлар ратификация қилинганлиги муҳим роль ўйнайди. Жиддий инвесторлар бунга алоҳида эътибор беришади.

Шу учун ҳам интеллектуал мулк ҳуқуқи масаласида ҳам халқаро, ҳам ички мулкдорлар манфаатларининг қонуний ҳимояси долзарб масала бўлиб қолмоқда. Янги конституция лойиҳаси бўйича таклифлар сўралганда ҳам шу масалани биринчилардан бўлиб жўнатгандим. Яхшиям, конституцияга «Ҳар ким қонун билан муҳофаза қилинадиган мулкка, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуққа эга» деган модда киритилди.

Бир дўстимиз нима санга зарур деб сўради, ман бўлса оддий Asaxiy мисолида сизга буни тушунтириб бераман.

Қонун бўйича биз ҳар бир китобнинг ўзбек тилига муаллифлик ҳуқуқини харид қилиб таржима қилиб чоп этамиз. Фақатгина, муаллифнинг ўлимидан 70 йил ўтган бўлсагина асар жамоатчилик мулки ҳисобланади ва унга муаллифлик ҳуқуқи шарт эмас. Бир китобни таржимаси, тайёрланиши, чоп этилиши, маркетингги ва солиқлари бизга тахминан 200-250 миллион сўмга тушади. Asaxiy тўлиқ бизнес лойиҳа, биз на бюджетдан, на халқаро ташкилотлардан ҳеч қанақа ёрдам олмаймиз, барча ишларимизга ўзимизнинг молиявий воситалардан пул сарфлаймиз. Энди, китоб чиққандан сўнг яхши сотилиб бошлаганда кимдир шунчаки пдф қилиб телеграмда текинга тарқатса ёки бошқа бир нашриёт китобни копия қилиб чоп этиб сотса биз яхшигина сумма зарар кўрамиз. Мана шунақа вазиятда қонун ҳимоя қилмаса, лойиха 3-4та китобдан зарар кўргандан сўнг ўз-ўзидан ёпилиб кетади. Бу бўлса келажакда нечталаб китоблар чиқмаслигига сабаб бўлади. Йўқотилган иш ўринлари ва бошқалар ҳақида айтиб ҳам ўтирмайман.

Шу учун ҳам интеллектуал мулк масаласи долзарб муаммо ва уни Конституцияда ҳам қайд этилиши ҳам замон, ҳам келажак талаби эди»

Fikr bildirish