Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ШҲТ саммити кун тартибини муҳокама қилишди
1 min read

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ШҲТ саммити кун тартибини муҳокама қилишди

Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қозоғистон етакчисига Қўстанай вилоятидаги ўрмон ёнғинлари муносабати билан далда сўзларини билдирди ҳамда фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини қайд этди.

Икки мамлакат президентлари Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларида амалий шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди.

Савдо, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу ойда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кун тартиби муҳокама қилинди.

Fikr bildirish