Ғалаба муборак мингбулоқликлар!
1 min read

Ғалаба муборак мингбулоқликлар!

Мингбулоқ пахтакорлари 2022 йилги пахта топшириш бўйича шартнома режасини ортиғи билан бажариб, куч-ғайрат ва шижоат, миришкорлик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён қилди.

Бу йилги мавсумда тумандаги 312 та фермер хўжалиги 44940 тонна пахта ҳосилини етиштириш бўйича Art Soft Holding кластери билан шартнома имзолаган.

Бугун улар режани 100,57 фоизга бажариб, ҳозиргача 45 196 тонналик хирмон кўтарди. Пахта режасини бажариш бўйича Мингбулоқ тумани вилоятда Чортоқ туманидан кейин иккинчи бўлди.

Бу мингбулоқликлар учун катта ғалаба, албатта. Чунки, ҳудуддаги ерларнинг захланиши юқорилиги деҳқон фермерлер учун пахта ҳосилини етиштириш, парваришлаш ва йиғиб олишда бирмунча қийинчиликлар туғдиргани сир эмас.

Туман фермерларининг бу улкан зафари замирида Муҳтарам Президентимиз томонидан ҳудудларда қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилаётгани, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати, кўп йиллик тажрибаси, пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Жорий йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари уюшқоқлик билан жадал суръатларда ўтказилмоқда. Бунда нафақат фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ишчи-хизматчилари, балки, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳам фаол иштирок этди.

Fikr bildirish