МИЛЛАТ НАФАСИ ОНА ТИЛДАДИР
1 min read

МИЛЛАТ НАФАСИ ОНА ТИЛДАДИР

Ер юзида кўплаб миллатлар мавжуд. Уларнинг барчасида ўз она тили бўлиб, уни асраб-авайлашга, қадрлашга интиладилар. Чунки  миллатларининг маданий ўзаги ва асосий мулоқот манбаи бу уларнинг миллий тили ҳисобланади. Биргина тил кўплаб халқларни ўзаро бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларини сақлайди. Уни авлоддан авлодга ўтишини таъминлайди Ўзбек тилининг ҳам тарихий илдизлари жуда чуқур. Буюк мутаффакир  Алишер Навоий  тилимизнинг нақадар бой эканлигини бундан бир неча аср аввал ўз асарларида ифода этиб берган.

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилиниши халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлди, – десак муболаға бўлмайди. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим силжишлардан бири бўлиб, она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.

Бугун давлат органлари ва ташкилотларда барча ҳужжатлар ўзбек тилида юритилиши  ва бу борадаги тажрибаларнинг тобора ортиб бориши қувонарли ҳол. Вилоятимиздаги  40га яқин босма ОАВ,  Наманган вилоят телерадикомпанияси, вилоят, шаҳар, туман ҳокимларининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида ўзбек тилига алоҳида  эътибор берилмоқда. Шунингдек, мавжуд 7 та  нашриётларда она тилимиздаги китобларни чоп этишда унинг қоидаларига амал қилинмоқда.  70 та матбаа корхоналарининг хизмат турларида барча ишлар ўзбек тилида олиб борилиши, реклама ва эълонлар, баннерларда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга эришилаётгани қувонарли ҳол.

Шу билан бир қаторда муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, уларга жиддий ёндашиш, муаммоларга ечим топиш муҳим. Ахборот асрида интернет журналистикасининг тобора ривожланиб бориши, блоглар сонининг ортиш табиий ҳол. Айнан мана шу йўналишда тилимизга нисбатан қўпол бузилишларни кузатиш мумкин. Расмий ОАВ воситаси сифатида фаолият олиб бораётган айрим сайтларда ҳам тил қоидаларига амал қилмаслик жараёнлари учраб турибди. Айниқса, блогерлар томонидан юритилаётган блоглардаги тилимиз қоидаларига зид материалларнинг эълон қилиниши, аралаш тилда ёритилиши (ўзбек, рус, инглиз терминларидан битта мақолада фойдаланиш), миллий анаъана ва урфларимизга ёт, одобсизлик, шафқатсизлик, зўравонлик кабиларга катта урғу берилган материалларни мунтазам эълон қилиб бориш ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбиясида ўзининг салбий кўринишларини намоён этиши мумкин. Бу борада Наманган вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан блогерлар билан алоҳида суҳбатлар уюштириб келинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, миллат нафаси она тилдадир. Бизнинг миллатимиз руҳи тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромдан озуқаланиб боради. Ўз вақтида камчиликларимизга эътибор қаратсак, таҳлил этсак ва унинг ечимларини топа олсак авлодларга тилимизни софлиги, гўзаллиги билан етказа оламиз.

Алибек Эргашев,

Наманган вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи

 

 

Fikr bildirish