Ўзбекистон ва Германия ишбилармонлари ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболларини муҳокама қилди
1 min read

Ўзбекистон ва Германия ишбилармонлари ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболларини муҳокама қилди

Жорий йил 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакиллари Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси кўмагида «Германия иқтисодиёти куни» конференциясида иштирок этди.

Тадбирда Германия ва Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятининг 100 дан ортиқ вакиллари, инвесторлар, шунингдек, Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ва мутахассислари қатнашди.

Конференцияни ўтказишдан мақсад ишбилармонлик алоқаларини янада кенгайтириш, икки томонлама савдони ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва ташаббусларини илгари суриш истиқболлари ва имкониятларини аниқлаш, умуман, ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдир.

Конференция дастурига «Агросаноат сектори», «Тоғ-кон саноати ва металлургия» ва «Кимё саноати» каби энг истиқболли тармоқлар бўйича маърузалар ва тақдимотлар киритилди. Минтақада иш олиб бораётган немис компаниялари ўз фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди ва тегишли соҳаларда тажриба алмашди.

Конференция доирасида B2B ва G2B форматидаги музокаралар ва учрашувлар ҳам бўлиб ўтди, унда ҳар икки мамлакат сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Fikr bildirish