Ўзбекистон Ҳуқуқ устуворлиги индексида 78-ўринни эгаллади
1 min read

Ўзбекистон Ҳуқуқ устуворлиги индексида 78-ўринни эгаллади

Ўзбекистон Ҳуқуқ устуворлиги индексида 140 та давлат орасида 78-ўринни эгаллади. Мамлакат умумий рўйхатда Хитой, Россия, Туркия ва бошқа давлатларни ортда қолдирди.

26 октябрь куни Ҳуқуқ устуворлиги индексининг (Rule of Law Index) навбатдаги натижалари эълон қилинди.

Ўзбекистон умумий рўйхатда Сербия, Албания, Хитой, Беларус, Қирғизистон, Россия, Туркия ва бошқа давлатларни ортда қолдириб, 140 та давлат орасида 78-ўринни эгаллади. Индексни тузишда дунёнинг 140 та давлатидан 150 мингдан ортиқ уй хўжалиги ва 4000 га яқин ҳуқуқшунослар ўртасида сўровлар ўтказилди, қонунийлик даражаси баҳоланди.

Ҳуқуқ устуворлиги индекси ҳар йили World Justice Project халқаро нодавлат ташкилоти томонидан тузилади ва 8 та индикаторни, хусусан, «Ҳокимият ваколатларининг чекланганлиги», «Коррупциядан холилик», «Давлат институтлари фаолиятининг очиқлиги (шаффофлиги)», «Асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш», «Тартиб ва хавфсизлик», «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш», «Фуқаролик ва жиноий одил судлов» каби индикаторларни ўз ичига олади.

2022 йилда ҳуқуқ устуворлиги фақатгина 54 та давлатда яхшиланди, 85 тасида ёмонлашди ва 1 та давлатда ўзгаришсиз қолди. Ушбу индексда Ўзбекистон ҳуқуқ устуворлиги билан боғлиқ вазият яхшиланган давлатлар қаторига киритилди.

«Мазкур индексда Ўзбекистонга берилган баҳо мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятда ижобий имиджини шакллантиришда муҳим омил ҳисобланади. Жорий йилда Ўзбекистоннинг барча саккизта индикатор бўйича кўрсаткичларида яхшиланиш кузатилди. Юқоридаги натижаларга эришишга Ўзбекистон учун устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан мақсадли ишлашнинг ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари яратилгани ҳам ёрдам берди», — дейилади хабарда.

Fikr bildirish