Халқаро асал фестивали: Наманган асал маҳсулотлари етиштириш пойтахти деб эътироф этилди
1 min read

Халқаро асал фестивали: Наманган асал маҳсулотлари етиштириш пойтахти деб эътироф этилди

Жорий йилнинг 28–30 октябрь кунлари Наманганда илк бор халқаро асал фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль Туризм ва маданий мерос вазирлиги Наманган вилояти Бош бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкиллаштирилди.

Фестивалда «Афсоналар водийси» боғида республикамиз ҳудудлари ҳамда қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Қозоғистон давлатларидан келган икки юздан ортиқ асаларичилар жам бўлди. Тадбир соҳада инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда саноатлаштириш, халқаро тажриба алмашув платформасини яратиш, мавжуд муаммолар ечимини топишга қаратилди.

Фестиваль давомида «Афсоналар водийси» боғида асаларичилик маҳсулотлари кўргазмаси очилди.

– Наманган фестивалига таклифнома олганимда жуда хурсанд бўлдим ва бу ерга тоғ гиёҳларидан йиғилган маҳсулотдан олинган, экологик жиҳатдан тоза, бетакрор асал олиб келдим, — дейди Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан ташриф буюрган Адҳам Мавлонов. — Маҳсулотимизга ўзбек тадбиркорлари томонидан катта қизиқиш билдирилди, фестиваль давомида қатор манфаатли шартномалар тузишга эришдик.

Халқаро фестиваль иштирокчилари тадбирнинг биринчи кунида бир-биридан бой кўргазмалар билан танишдилар. Кейин эса асаларичилик соҳасини ривожлантириш ҳамда жаҳон тажрибасини кенг жалб қилиш мақсадида Тҳе Интернатионал Cэнтер фор Агриcултурал Ресеарч ин тҳе Дрй Ареас (ИCАРДА) ташкилоти вакиллари Мах Рунзел ва Лора Беcкерлар иштирокида асал фестивалига ташриф буюрган маҳаллий ва хорижлик асаларичилик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларга илмий-амалий семинар тренинги ташкил этилди. Семинарда асал маҳсулотлари тўғрисида батафсил маълумот бериш бўйича яратилган мобил илова тақдимоти бўлиб ўтди.

Шунингдек, фестиваль доирасида Наманган вилоятида асалчиликни янада ривожлантириш ва асал маҳсулотларини экспорт қилиш мақсадида вилоят асаларичилари ва қирғизистонлик асаларичилар ўртасида Б2Б учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда 2023–2025 йилларга мўлжалланган 5 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.

Қувонарлиси, Қирғизистон Республикаси Асаларичилари уюшмаси раиси Валерий Мухтарович Наманганни асал маҳсулотлари етиштириш пойтахти деб эътироф этди.

Эътироф этиш керакки, фестивалда саховат тадбири ҳам уюштирилиб, имконияти чекланган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ва ёши кексаларга минг килограмм асал бепул тарқатилди.

Фестиваль якунида иштирокчилар эътиборига турли томошалар тақдим этилди.

Fikr bildirish