Саудия Арабистонига Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти кўламини кенгайтирилади
1 min read

Саудия Арабистонига Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти кўламини кенгайтирилади

Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистонидаги экспорт ва импорт билан шуғулланувчи Al Kawashef компанияси ижрочи директори Анвар Раҳил ал-Талеб билан учрашув ўтказди.

Қайд этилишича, мулоқот чоғида Ўзбекистон қишлоқ хўжалик, қандолат ва тиббиёт маҳсулотларини Подшоҳлик бозорига экспорт қилиш ва икки давлат ўртасида савдо ҳажмини ошириш юзасидан фикр алмашилган.

Анвар Раҳил ал-Талеб Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошиб бориши чет эллик импортчи ҳамкорларни жалб этаётганига урғу берган.

«Компаниямизнинг изланиш натижалари шуни кўрсатиб турибдики, бугунги кунда Ўзбекистон янги бозорларни очиш ва ўз маҳсулотларини экспорт қилишда катта ютуқларга эришмоқда. Бунда маҳаллий экспортчиларнинг йирик халқаро кўргазмалардаги иштироки жиддий туртки бўлиб хизмат қилмоқда», — деган саудиялик ишбилармон.

Шу ўринда, у Ўзбекистонда Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Экспортчилар уюшмаси таъсис этилгани, улар республикада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш бўйича кўраётган чора-тадбирлар чет давлатлар билан савдо айланмасини ошишига хизмат қилаётганини қайд этган.

Анвар Раҳил ал-Талеб Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларнинг сифати юқорилиги, уларни Саудия бозорларига экспорт қилиш муҳимлигини таъкидлаган.

Анвар Раҳил ал-Талеб жорий йил ноябрь–декабрь ойларида мамлакатимизга сафар қилиши, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик, қандолат ва тиббиёт маҳсулотларини Саудия Арабистонига экспорт қилиш бўйича музокаралар ўтказиш истагида эканини маълум қилган.

Fikr bildirish