Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармаси таъсис этилади
1 min read

Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармаси таъсис этилади

Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармаси таъсис этилади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, 9 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодиёт ва савдо вазирларининг 11-йиғилишида йирик қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўладиган Туркий давлатлар ташкилотининг Инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолашни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашувда ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларининг иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтиришнинг энг самарали йўлларини аниқлаш, жумладан, савдо, сармоя, транспорт соҳасидаги ташаббусларни амалга ошириш ва кўп томонлама муносабатларнинг бошқа механизмларини қўллашга доир фикр мулоҳазалар ҳам алмашилган.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, кўп томонлама савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни, яъни ташкилот доирасида ўзаро савдони ошириш бўйича умумий комплекс ёндашувларни амалга оширишни кўриб чиқди. Бўлажак биринчи саммит доирасида имзоланиши режалаштирилган «Савдога кўмаклашиш стратегияси»ни амалга ошириш бўйича энг фаол чора-тадбирларни кўришга тайёрлик билдирилди.

Мулоқот чоғида кўп томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди. Иштирокчилар ушбу йўналишнинг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда транспорт йўлаклари, божхона ва чегара ўтказиш пунктлари ва логистика марказларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича аъзо давлатлар ва ташкилот кузатувчиларининг ягона ёндашуви бўйича келишувларга эришдилар. ТДТ доирасида транспорт-логистика жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини янада кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Вазирлар суҳбатининг бир қисми ташкилот доирасидаги 2022—2026 йилларга мўлжалланган стратегияни муҳокама қилишга бағишланди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий ва хавфсизлик соҳаларини ривожлантиришни қамраб олувчи дастурий ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш бўйича келишувга эришилди.

Fikr bildirish