Наманган ҳокими Россияда Самара вилояти губернатори билан музокаралар ўтказди
1 min read

Наманган ҳокими Россияда Самара вилояти губернатори билан музокаралар ўтказди

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов бошчилигидаги делегация Россиянинг Самара вилоятига сафарини бошлади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Абдураззақовнинг Самара вилояти губернатори Дмитрий Азаров билан музокаралари бўлиб ўтди. Унда икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Учрашувда Наманган ва Самара вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Шавкат Абдураззақов Самара вилоятининг транспорт, металлургия, пластмасса буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари корхоналари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режаларни илгари сурди. Ўз навбатида, Дмитрий Азаров Наманганга Самара вилояти саноат ва агросаноат мажмуалари маҳсулотларини экспорт қилишни ривожлантириш истиқболлари, Самарада Наманган вилояти савдо-дистрибюторлик марказини очиш, Волга бўйи ҳудудида тўқимачилик саноати бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича таклифларни билдирди.

Маълумот учун, Наманган вилояти делегацияси таркибида 70 нафардан ортиқ турли соҳа вакиллари бор. Бизнес, ижтимоий соҳа ва маданият вакиллари Самарада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокараларда иштирок этмоқда.

Fikr bildirish