Ички ишлар вазирлиги ҳар пайшанба куни ОАВ билан мулоқот қилади
1 min read

Ички ишлар вазирлиги ҳар пайшанба куни ОАВ билан мулоқот қилади

ИИВ матбуот котиби ҳар пайшанба куни АОКАда очиқ мулоқотни таъминлаш учун матбуот анжумани ўтказилишини маълум қилди. Бундан бир ҳафта олдин публицист ва блогер Шокир Шарипов тизимда давом этаётган муаммолар туфайли ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирганди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳафтанинг ҳар пайшанба куни (Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика кунига бағишлаб) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани ўтказади. Бу ҳақда душанба куни вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилди.

«Ички ишлар органлари фаолиятида очиқликни янада такомиллаштириш, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимини муҳокама қилиш ҳамда жамоатчилик ва ОАВ билан очиқ мулоқотни ташкил этиш мақсадида матбуот анжуманларини ўтказиш режалаштирилмоқда», — дея тушунтирди у.

Матбуот анжуманларининг режаси билан ИИВнинг расмий веб-сайтида танишиш мумкин. Шунингдек, вазирлик тадбирдан уч кун олдин барча расмий ресурсларда бўлажак матбуот анжуманининг мавзуси ва аниқ вақти кўрсатилган эълонлар берилишини қайд этди.

«Биз ҳар доим очиқ ва конструктив мулоқотга тайёрмиз», — деди Шоҳрух Ғиёсов.

Fikr bildirish