Тошкентда Испания элчихонаси очилиши кутилмоқда
1 min read

Тошкентда Испания элчихонаси очилиши кутилмоқда

1 декабрь куни Польшанинг Лодз шаҳрида Владимир Норов ва Испания қироллиги ташқи ишлар, Европа Иттифоқи ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Альбарес Буэно ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, мулоқотда ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Ўзбекистон—Испания кўп қиррали ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Испанияни Европадаги ишончли ва истиқболли ҳамкор деб билади ва расмий Мадриднинг яқин келажакда Тошкентда элчихона очиш режаларини олқишлайди.

Томонлар 2022 йилнинг мартида бўлиб ўтган Ўзбекистон—Испания сиёсий маслаҳатлашувлари еттинчи раундининг самарали натижаларини қайд этиб, ушбу шаклдаги мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.

Ташқи иқтисодий алоқалар кўрсаткичларини ошириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, мамлакат бозори имкониятларини ўрганиш мақсадида Испаниянинг етакчи компанияларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан аниқ таклифлар кўриб чиқилди.

Вазирлар туризм, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам фикр алмашган.

Fikr bildirish