Қорақалпоғистонда «меҳр дафтари»га киритилган 3 нафар ёшга Нукусдан янги хонадонлар совға қилинди
1 min read

Қорақалпоғистонда «меҳр дафтари»га киритилган 3 нафар ёшга Нукусдан янги хонадонлар совға қилинди

Қорақалпоғистонда президент қарорига кўра, «меҳр дафтари»га киритилган, 18 ёшга тўлган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган амударёлик уч нафар ёшнинг ҳар бирига янги хонадон берилди. Бу ҳақда Амударё туман ҳокимлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 2 декабрь куни туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда мазкур хонадонлар калити ва ҳужжатлари эгаларига туман ҳокими Султонбой Йўлдашев томонидан тантанали равишда топширилган.

Таъкидланишича, туман ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан шакллантирилган «меҳр дафтари» рўйхатида турган болаларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида улар яшаётган хонадонларга мунтазам равишда борилиб, ҳолидан хабар олиб турилади.

Фото: Амударё тумани ҳокимлиги

Қўшимча қилинишича, ўтган давр мобайнида «меҳр дафтари» жамғармасида рўйхатда турган 9 нафар боланинг ҳар бирига 650 мингдан, жами 5 миллион 850 минг сўмлик мактаб формалари ва ўқув қуроллари берилган. Шунингдек, жамғарма маблағлари ҳисобидан 1 нафар бола замонавий ноутбук ва 1 нафар қиз тикув машинаси билан таъминланган.

Фото: Амударё тумани ҳокимлиги

Ота-онаси йўқлиги учун васий қарамоғига олинган, айни пайтда 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож Азизбек Жумабоев, Озода Бобожонова ҳамда Фарида Иноятоваларнинг ҳар бирига алоҳида совға қилинган хонадонлар зарур мебеллар билан жиҳозланган. Янги хонадон эгаларига Амударёдаги саховатпеша тадбиркорлар томонидан беғараз ҳомийлик ёрдами асосида телевизор, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа маиший буюмлар ҳам совға қилинган.

Fikr bildirish