Маънавият ва маърифат маскани  – ақл ва эзгулик маркази
1 min read

Маънавият ва маърифат маскани – ақл ва эзгулик маркази

Поп туманидаги Маънавият ва маърифат марказида ҳудуддаги аҳоли, айниқса, ёшлар ва ички ишлар ходимлари маънавиятини янада юксалтириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят ва туман бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилиб, унда тумандаги маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, туман ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар ва спортни ривожлантириш бўлимлари, Маданият бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги, халқ таълими бўлими, Ички ишлар вазирлигига қарашли 7552-ҳарбий қисм шахсий таркиби, Ахборот кутубхона маркази ҳамда ижодкорлар иштирок этдилар.

Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов очиб берди. Жараёнда нуронийлар, тарғиботчилар, ҳарбий қисм ва ёшлардан иборат жамоалар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари, мини футбол ва WORKAUT ўйинлари, Pop ITSCHOL маркази график дизайнерчилари ўртасида “IT-DESIGNERS” мусобақалари ўтказилди.

– Жумладан, ташкил этилган мини футбол бўйича спорт мусобоқаларида 10 та жамоа қатнашган бўлса, WORKAUT ўйинларида 50 га яқин ёшлар иштирок этиб ўз кучларини синаб кўрдилар.

 

– Шунингдек, “Заковат” интеллектуал ўйинида кекса-нуронийлар, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, ички ишлар ходимлари ва ёшлардан иборат жамоалар ўзаро куч синашдилар.

 

– “Маънавият ва маърифат” масканида ташкил этилган ITSCHOL марказида ўтказилган «IT-DESIGNERS” мусобақаси ҳам қизиқарли ўтиб, унда ёш дастурчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб ўтдилар.

 

– Ташкил этилган тадбирлар доирасида тасвирий ва амалий санъат ҳамда китобхонлик кўргазмалари тадбир иштирокчиларига ўзгача руҳ бағишлади.

 

Шу билан бирга, ўтказилган тадбир доирасида «Ҳар бир Нуроний – ўн ёшга масъул» ҳамда «Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий» тамойиллари бўйича бугунги кунда туманда фаолият олиб бораётган кекса-нуроний ҳамда зиёлилар учун семинар ўтказилди. Семинарда сўз олган Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилоят бўлими раҳбари М.Аппақов, кексалар вакили Х.Йўлдашев ва олий таълим муассасаси ўқитувчиси, фан номзоди Х.Талабоевлар бугунги кунда ёшларнинг таълим-тарбияси, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва улар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда илмга бўлган қизиқишларини орттириш ҳар қачонгиданда муҳим эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

 

Тадбир сўнгида мусиқий концерт дастури ташкил этилиб, бир қатор ҳушовоз хонандаларнинг куй ва қўшиқлари янгради ҳамда ўтказилган мусобақа ғолибларига ва туманда маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган ташкилот ва муассаса раҳбарларига маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Fikr bildirish