Хорижда ишлаб чиқарилган товарлар учун истеъмол кредити ажратиш таклиф қилинмоқда
1 min read

Хорижда ишлаб чиқарилган товарлар учун истеъмол кредити ажратиш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда хорижда ишлаб чиқарилган товарлар учун истеъмол кредити ажратиш режалаштирилмоқда. Депутат Дониёр Ғаниевнинг қайд этишида, одамлар чел эл электромобиллари ёки маиший техникаларини сотиб олиш учун истеъмол кредити олишолмагани сабаб, уларни фақатгина муддатли тўловга олишмоқда.

Энди Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товар ва хизматлар учун ҳам истеъмол кредити ажратилади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар берди.

Амалдаги «Истеъмол кредити тўғрисида»ги қонунга асосан Ўзбекистонда Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товар ва хизматлар учун истеъмол кредити ажратилиши чекланган.

«Бу мантиқсиз чеклов бир томондан мамлакат аҳолисига танлов имкониятини чеклаш орқали ноқулайлик туғдирган бўлса, иккинчи томондан „маҳаллийлаштириш“ шиори остида маҳаллий монополларни қўллаб қувватлаш орқали аҳоли учун тақдим этилаётган товар ва хизматлар нархининг ошишига ва рақобатсиз муҳит шаклланишига хизмат қилиб келган», — деди парламент аъзоси.

Мисол учун, ҳозирда маҳаллий монополимиз томондан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар билан нарх ва сифатда рақобатлашаётган хорижда ишлаб чиқарилган электромобиллар харид қилиш учун ёки хорижий брендларнинг сифатли маиший техника воситаларини сотиб олиш учун банклардан истеъмол кредити олиш имкониятингиз йўқ, деди.

«Натижада, одамлар бундай товарларни фақатгина муддатли тўлов асосида, банк истеъмол кредитидан бир неча баравар юқори фоизларда маиший техника дўконларидан ёки ишончсиз лизинг компаниялардан сотиб олишга мажбур бўлиб келишмоқда», — таъкидлади депутат.

Президентнинг 2022 йил 12 августдаги [ПҚ-350-сон] қарорида айнан ушбу ноқулайликни бекор қилиш ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида «Истеъмол кредити тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш белгиланган эди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ваниҳоят Қонунчилик палатасига киритилди.

«Умид қиламанки, ушбу қонун лойиҳаси қисқа муддатларда Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилиниб, президентимиз томонидан имзоланади ҳамда халқимизга қулайлик яратувчи яхши бир ўзгариш сифатида хизмат қилади», — дея фикрини якунлади Дониёр Ғаниев.

Fikr bildirish