1 min read

Ҳарбий-ватанпарварлик танлови ғолиблари аниқланди

Сўнгги йилларда Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги, шайлиги ва қобилиятини ошириш, миллий армиямизни халқаро нуфузини юксалтириш масалалари мамлакатимиз раҳбарининг доимий эътибор марказида бўлмоқда. Ана шу вазифаларни амалга оширишда Қуролли Кучлар, ҳарбий округлар қўмондонлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси ҳамда ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия, Туман Маданият бўлими, Ёшлар иттифоқи туман ташкилоти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини ошириш, турли мураккаб ва оғир вазиятларга нисбатан руҳий бардошлилигини, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш орқали миллий армиямизнинг жанговар шайлиги ва қудратини кучайтириш мақсадида “Юксак жанговар руҳ – аскарнинг енгилмас кучи, армиянинг қудратидир!” деган ғоя асосида “Энг жанговар қўшиқ”, “Энг жанговар чақириқ ва шиор” танловларининг туман босқичлари ўтказилди.

Тадбирда тумандаги ҳарбий қисмининг “Сардорлар” жамоаси, Дамободдаги чегара қисмининг “Мард ўғлонлар ”жамоаси, Қорақўрғондаги чегара қисмининг “Сарҳад поспонлари” жамоаси, туман Қўриқлаш хизматининг “Гвардия шерлари” жамоалари 4 шарт бўйича ўзаро беллашдилар.

– “Энг жанговар қўшиқ” шартида жамоалар қўшиқни яратишда қўшин туридан келиб чиқиб ёндашдилар, жанговар руҳ, тантанавор оҳангни ўзида мужассам этганлиги, миллий армиямизга нисбатан ғурур ва ифтихор туйғусини уйғота олиши кабиларга эътибор қаратдилар.

– “Энг жанговар чақириқ ва шиор” шартида эса чақириқ ва шиорлар армия қудрати ҳамда мамлакат ҳарбий салоҳиятининг мустаҳкамлигига ишора қилувчи қувватга эга бўлиши талаб этилди.

– Уйга вазифа шартида Ватанпарварлик тараннуми доирасида иштирокчилар ўз фаолиятлари юзасидан видеоролик намойиш этдилар.

– Истеъдод шартида эса ҳарбийларимизнинг ноёб ва ажойиб чиқишлари барчага манзур бўлди.

Бир сўз билан айтганда, барчамиз тадбирдан Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теранроқ ҳис этдик.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари М.Аппақов иштирок этиб, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборат эканлиги, сўнгги вақтларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасидаги олиб борилаётган ишлар ҳақида фикрлар билдирди.

Тадбир сўнгида мутасаддилар томонидан танлов иштирокчиларига турли номинациялар бўйича ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Fikr bildirish