ВЕБ-САЙТЛАРНИ ҲИМОЯЛАШ ДОЛЗАРБ МАСАЛА
1 min read

ВЕБ-САЙТЛАРНИ ҲИМОЯЛАШ ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Замонавий ахборот технологияларининг тараққиёти даврида ахборот хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолди. Яъни ахборотга бўлган талаблар кучайиб, ахборотга бўлган таҳдидлар, саноат шпионажи, конфиденциал маълумотларга рухсатсиз кириш, уларни ўзгартириш, йўқотиш каби салбий ҳодисалар ҳам тез-тез кузатилмоқда.
Веб-саҳифалар гиперматнни узатиш протоколи (HTTP) ва шифрлаш (HTTPS) хавфсизлик механизмларидан фойдаланади. Веб-сайтнинг интернет оламидаги роли муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун рақамли жиноятларнинг олдини олиш учун веб-сайтларнинг хавфсизлигини таъминлаш талаб қилинади. Жиноятчилар одамлар билмаган ҳар қандай вазиятларни нишонга олишади. Кўпчиликка таъсир қиладиган муҳим веб-сайтлар, банк, давлат, савдо ва бошқа шу кабилар учун хавфсизлик ўта муҳим ҳисобланади. Самарали хавфсизлик дастури хабардорлик, олдини олиш, аниқлаш, ўлчаш кабилар хавфни камайтириш учун хизмат қилади.

Шунинг учун ҳар қандай мамлакатда ахборотни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикасида бу жараён ахборотни муҳофаза қилишнинг давлат тизими яратилишида ва ахборот хавфсизлигининг ҳуқуқий базасини ривожлантиришда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, мамлакатимизда «Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари” тўғрисида ҳамда «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги «Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4024-сонли қарори 1-иловаси билан Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унга асосан ушбу давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, бошқа ташкилотлар ва идораларда ахборот-коммуникация технологиялари, ахборот ва киберхавфсизликни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жорий этиш ва ривожлантириш ҳолати устидан назорат, мониторинг олиб бориш, уни ўрганиш ва текшириш ваколатига эга.

«Ўзкомназорат» Наманган вилояти ҳудудий инспекцияси томонидан вилоят ҳудудидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, бошқа ташкилотлар ва идоралардаги мавжуд веб-сайтлар доимий равишда ахборот хавфсизлиги талаблари бажарилиши бўйича мониторинг қилиб борилмоқда.

Наманган вилояти ҳудудий инспекция томонидан 2022 йил 3-чорак давомида Наманган вилоятидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларининг мавжуд 34 та расмий веб-сайтлари криптографик протоколлар (SSL/TLS) билан ҳимояланганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг
2021 йил 15 июндаги 373-сон қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган
веб-сайтларга қўйиладиган талаблари бажарилишига асосан мониторинг қилинди.

Мониторинг натижасида 34 та веб-сайтлардан 31 таси ишчи ҳолатида, 3 таси ишчи ҳолатида эмаслиги, 29 та расмий веб-сайтда SSL(TLS) сертификати мавжудлиги, 1 тасида SSL сертификати мавжуд эмаслиги аниқланди. Расмий веб-сайтларга таҳдид қилиниши, иш фаолиятининг тўхтатиб қўйилиши, ахборотларни ўзгартириш ёки бегона маълумотларнинг жойлаштириши, шунингдек, веб-сайтлар ва уларнинг ахборот ресурсларининг бузилиши ҳамда бошқа шакллардаги рухсатсиз аралашувларнинг олдини олиш бўйича ахборот хавфсизлиги талаблардан келиб чиқиб криптографик протоколлар билан ҳимоялаш чораларини кўриш бўйича огоҳлантириш хатлари юборилди.

Шунга  асосан расмий веб-сайтларнинг криптографик протоколлар (SSL, TLS сертификатлари) билан ҳимояланишига эришилди.

 

Қ.Дадажонов

«Ўзкомназорат» Наманган вилояти ҳудудий инспекцияси Ахборот хавфсизлиги ва АКТни жорий этиш бўлими бошлиғи

Fikr bildirish