«Ўзбекистон Афғонистон аҳолисининг мушкулини осон қилишдек хайрли ишларда бош бўлаётганидан миннатдормиз» — Балх вилояти губернатори
1 min read

«Ўзбекистон Афғонистон аҳолисининг мушкулини осон қилишдек хайрли ишларда бош бўлаётганидан миннатдормиз» — Балх вилояти губернатори

Ўзбекистон 22 декабрь куни Афғонистонга тўққизта махсус юк машинасига ортилган инсонпарварлик ёрдамини жўнатганди. Инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросимида Балх вилояти губернатори Мулло Муҳаммад Довуд Музаммил бу ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

«Ўзбек халқи Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, аҳолисининг мушкулини осон қилишдек хайрли ишларда бош бўлаётганидан биз афғон халқи жуда ҳам миннатдормиз.

Бугун Ўзбекистон ҳукумати минтақадаги муаммолар ечими ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўз ташаббус ва амалий ҳаракатларини олиб бормоқда. Биргина Мозори Шариф—Кобул—Пешовар темир йўли қурилишини оладиган бўлсак, бу лойиҳа нафақат учта давлат, қолаверса Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётида жуда катта аҳамият касб этади.

Мана бундай беғараз кўмак халқларимизни жипслаштириб ўзаро борди-келди муносабатларимзни янада мустаҳкамлайди. Бундан эса албатта афғон халқ манфаатдор. Яна бир бор самимий ташаккуримни изҳор этаман», — деган у «Ўзбекистон24» телеканалига берган интервьюсида.

Қайд этилишича, инсонпарварлик юки 48 тонна ун, 30 тонна шакар, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг дона консерваланган гўшт маҳсулотлари , 22 тонна макарон, 1000 жуфт эркаклар ва болалар уст кийими, 1000 жуфт болалар, эркаклар ва аёллар оёқ кийимидан ташкил топган.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев Афғонистонга етказиб берилган ушбу инсонпарварлик ёрдами ҳақида фикр билдирган.

«Қиш қаттиқ келганини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон раҳбариятининг дастурига биноан, Афғонистон халқига бу йилнинг ўзида еттинчи маротаба инсонпарварлик ёрдамини олиб келдик. Балх вилояти губернатори Муҳаммад Довуд Музаммил билан бўлган суҳбатда «Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара — дўстлик чегараси. Бу чегарада Ўзбекистон томондан биз фақат файз ва барака кўриб келяпмиз. Бугунги кунда бизга энг яқин бўлган, биродарлик муносабатларини кўрсатаётган давлат ҳам шу. Биз Ўзбекистон билан ҳар томонлама муносабатларни кенгайтиришга, мустаҳкамлашга ва ҳар қандай масалани дўстона ҳал қилишга ҳаракат қиламиз, деб айтиб ўтди», — деган Исматулла Иргашев.

Fikr bildirish