Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасини лицензиялаш IIВга ўтказилади
1 min read

Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасини лицензиялаш IIВга ўтказилади

Олий Мажлис Сенатининг 27 декабрь кунги ўттиз олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу ҳуқуқий ҳужжатни кўриб чиқиш жараёнида сенаторлар йўлларда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари жамиятни хавотирга солаётганини қайд этиб, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишда тегишли масъул ходимларнинг масъулиятини янада оширилиши лозимлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, ўрганишларнинг кўрсатишича, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида ҳам мавжуд бўлган камчиликлар автомобиль йўлларида турли қоидабузарликлар ва ўлим билан тугаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Қонунга кўра, автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича фаолиятни, шунингдек автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш юзасидан хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатли орган мақоми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан Ички ишлар вазирлигига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, қонун билан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни лицензиялаш учун тўланадиган давлат божи базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида белгиланмоқда. Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Fikr bildirish