Ўзбекистонда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш учун қанча маблағ ажратилгани маълум қилинди
1 min read

Ўзбекистонда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш учун қанча маблағ ажратилгани маълум қилинди

Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича белгиланган лойиҳалар юзасидан парламент назорати доирасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш масалалари бўйича ҳудудларда сенаторлар томонидан ўрганишлар олиб борилган.

Президентнинг 2022 йил 25 октябрдаги қарорига кўра, 2022—2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича 5 284 та маҳалладаги 6 007 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 7 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган 6 007 та объект бўйича аксарият лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилган, шунингдек, қурилиш-пудрат ташкилотларини аниқлаш юзасидан тендер (танлов) савдоларига эълон берилган.

Муҳокамалар давомида сенаторлар ҳудудларда олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш зарурлигига эътибор қаратди.

Хусусан, 2022—2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурларини амалга ошириш юзасидан ҳудудий ишчи гуруҳлар раҳбарларига маҳаллалар кесимида алоҳида режа-жадвалларни тасдиқлаб, долзарб муаммолар ҳал этилаётгани юзасидан аҳолига батафсил тушунтириш ва ташвиқот ишларини ташкил этиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини тизимли ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, масъул идораларга халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан биргаликда лойиҳаларни пухта ва чуқур ўрганиш, дастурларга киритилган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати объектлари қурилиши учун ер ажратиш бўйича вилоят ҳокимлари қарорларининг қабул қилинишини тезлаштириш кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларнинг 2022—2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш борасида амалга оширалаётган ишларни самарали ташкил этиш, йўл қўйилган хато-камчиликларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар бўйича ахбороти эшитилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Fikr bildirish