“Миллатимиз буюкларини ёд этиб” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди
1 min read

“Миллатимиз буюкларини ёд этиб” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди

Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган шаҳар бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилоят Кенгаши ҳамкорлигида Наманган шаҳридаги 22-сонли умумтаълим мактабида буюк мутафаккир аждодларимиз Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган “Миллатимиз буюкларини ёд этиб” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирни мактаб директори Зокиржон Муқимов очиб берди ҳамда буюк аждодларимиз илмий ҳамда ижодий меъросини ўрганиш ҳар бир ёш учун авлодлик бурчи эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг, шоир Муҳаммад Мирзо, журналист ва манбаашунос Раҳимжон Ирисовлар сўзга чиқиб, ўқувчи-ёшларга Навоий ва Бобур ҳаёти ҳамда фаолиятига оид атрофлича маълумотлар бериб ўтишди.

Тадбир давомида, Алишер Навоий ижодидаги кўнгил, ишқ, иймон, одоб-ахлоқ, қаноат, саховат, вафо каби тушунчаларни теран шарҳланди. Ота-онани, Ватанни эъзозлаш зарурлигини таъкидланди. Инсон бу ҳаётда яхши ном қолдириши, умрини эзгулик ва яхшиликлар қилиш билан безаши муҳимлигини ўқтирилди. Буларни ёшлар онгига етказишда таълим-тарбия масканларидаги маънавий-маърифий тадбирлар муҳим ўрин тутади.

Тадбирни ташкиллаштириш ва ўтказишда муносиб ҳисса қўшган бир қатор иштирокчилар Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган шаҳар бўлинмаси бош мутахассиси Миржамол Обиджонов ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилоят Кенгаши мутахассиси Рамзиддин Турсуновлар томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир сўнгида эса иқтидорли ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, ғазаллар, шеърлар ҳамда ижро этилган куй-қўшиқлар билан кўтаринки руҳда давом этди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган шаҳар бўлинмаси.

Fikr bildirish