Тарихий ғалаба!
1 min read

Тарихий ғалаба!

Жамоамиз Coca Cola Суперлигасининг 11-туридан ўрин олган баҳсда Тошкентда “Бунёдкор” меҳмони бўлди. Мазкур ўйинга ҳар икки жамоа жорий мавсумни яхши ўтказаётганлиги боис, қизиқиш катта бўлди ва бу мазкур турнинг марказий беллашуви деб аталди.

“Лочинлар” шу пайтгача Тошкентда “қалдирғочлар”ни мағлубиятга учрата олишмаганди ва Самвел Бабаян шогирдларидан ушбу нохуш анъанага чек қўйиш ҳам талаб этиларди.

Мазкур учрашувнинг 1-бўлимида тўлиқ устунлик қилган жамоамиз биринчи 45 дақиқаликдаёқ ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйди.

Беллашувни ҳужумкор тарзда бошлаган вакилларимиз 14-дақиқада мазкур ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган  маҳоратли ярим ҳимоячи Остон Ўруновнинг фаоллиги эвазига 14-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Ўша вазиятда Остон Ўрунов чап қанотдан тўпни рақиб жарима майдончаси ичига етказиб берди. Жамшид Болтабоевнинг зарбасидан сўнг, тўп дарвоза устунига тегиб, яна Болтабоевнинг ўзига келиб тушди. Бу сафар эса Жамшид тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди – 0:1.
Учрашувнинг 20-дақиқасида вакилларимиз стандарт вазиятдан сўнг, ҳисобдаги фарқни оширишди. Жамшид Искандеровнинг бурчакдан оширган тўпини ҳужумчиларга ёрдамга етиб келган Игорь Голбан боши билан дарвозага аниқ йўллади – 0:2.
Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас, Самвел Бабаян шогирдлари ҳисобнинг йирик кўриниш олишини таъминлашди. Иброҳим Йўлдошевнинг чап қанотдан оширган тўпини Аброрбек Исмоилов боши билан дарвозага аниқ йўллади – 0:3.
Ҳисоб йирик кўриниш олишига қарамай, жамоамиз аъзолари ҳужумни сусайтиришмади. Бу эса 28-дақиқада ўз самарасини бериб, Остон Ўрунов мезбонлар жарима майдончаси ичига катта тезликда ёриб кириб, 2-3 нафар рақиб футболчилари орасида бўлишига қарамай, жарима майдончаси ичидан кучли зарба йўллаб, ҳисобдаги фарқни янада оширди – 0:4. 37-дақиқада Остон Ўрунов рақиб жарима майдончаси ичига ёриб кириб, тўпни кучли зарб билан дарвозанинг ўнг бурчагига аниқ йўллаб, ўз «дубл»ини нишонлаган ҳолда, ҳисобдаги фарқни янада йириклаштирди ва“лочинлар”нинг танаффусга йирик – 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетишларини таъминлади.

Биринчи бўлимдаёқ учрашув тақдирини ҳал қилган вакилларимиз 2-бўлимни анча хотиржам ҳолда ўтказишди. Майдон эгалари эса ўйинга бироз ўзгартириш киритиш мақсадида, ҳужумни кучайтиришди. Аммо жамоамиз  дарвозабони ва сардори Ўткир Юсупов кўплаб вазиятларда ўз маҳоратини намойиш этган бўлса, айрим ҳолатларда футболчиларимиз ҳимояни ҳам анча мустаҳкам ҳолда ушлашди.
Аммо 76-дақиқада барибир мезбонлар Жасурбек Ҳакимовнинг голидан сўнг, ҳисобдаги фарқни бироз қисқартиришди – 1:5.
Шунингдек, жамоамизнинг ҳужумларидан бирида захирадан майдонга тушган Шоҳруз Норхоновнинг зарбасидан сўнг, тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.

Fikr bildirish