14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан АОКАда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
1 min read

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан АОКАда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Агентлик директори Асаджон Ходжаев, Мудофаа вазирлигининг Алоқа ҳарбий институти кафедра мудири, подполковник Қодиржон Турсунов, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар номзоди Мансур Мусаев, Ветеран жангчи фахрийлар бирлашмаси раисининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зикрилла Неъматов сўзга чиқди.

«1992 йилдаги муҳим тарихий Қарор билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди, — деди А.Ходжаев. — Ўтган давр мобайнида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли юртимиз хавфсизлигини, сарҳадларимиз даҳлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, аҳолимизнинг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай ғаразли уринишларнинг олдини олиш салоҳиятига эга, тезкор, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилди».

Агентлик директори Президентимизнинг куни кеча Қуролли Кучлар Академиясига ташрифи давомида белгилаб берган соҳа ривожига доир долзарб вазифалар, хусусан, мудофаа тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацияларни татбиқ этиш, киберхавфсизликни таъминлаш масалалари ҳақида фикр билдирди.

Тадбирда Маънавият ва маърифат маркази масъули Мансур Мусаев буюк аждодларимиз, жумладан, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби саркардаларнинг ҳарбий жанг санъати ҳақида қизиқарли маълумотлар берди. Миллий ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиш ихтисослашган таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар қалбида миллий руҳ, Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини кучайтиришда муҳим эканини таъкидлади.

Ветеран жангчи фахрийлар бирлашмаси раисининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, йигирмадан зиёд китоблар муаллифи, таниқли шоир Зикрилла Неъматов томонидан мард ўғлонлар ва аскар онаси ҳақида ўқилган шеърлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Fikr bildirish