IMEI-кодлари 3 иш куни мобайнида тўлов асосида рўйхатга олинади
1 min read

IMEI-кодлари 3 иш куни мобайнида тўлов асосида рўйхатга олинади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилгани тўғрисида маълумот тақдим этилди.

Ушбу қарор мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими ишга туширилганидан сўнг фуқаро ва тадбиркорлардан келиб тушган мурожаат ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда истеъмолчиларга сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, ички бозорни контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва сотилишидан ҳимоя қилиш, телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тизимни такомиллаштириш ва қулайликлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Ушбу қарорга асосан мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI-коди 2019 йил 1 ноябргача автоматик рўйхатдан ўтган ва базага киритилган бўлса, унинг бошқа слотидаги IMEI-коди қурилма эгаси томонидан қуйидаги ҳаракатлар бажарилганидан сўнг тизим оператори томонидан 3 иш соати мобайнида бепул амалга оширилади:

● қурилма эгасининг тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан мурожаат қилиши;
●MEI кодининг ушбу мобил қурилмага ҳақиқий эканлигини тасдиқлаш (мобил қурилма клавиатурасида *#06# кодини ёзиб олинган IMEI кодининг экран тасвирини тақдим этиш);
●Низомга мувофиқ анкета тақдим этиш.
Маълумот учун:
Тизимни жорий этишнинг биринчи босқичида, яъни 2019 йил   1 апрелдан 1 ноябрга қадар 36,2 млн. IMEI кодлар тизимда автоматик тарзда бепул асосда рўйхатдан ўтказилди.
Иккинчи босқичда (1 ноябрдан 1 декабргача) эса 2,8 млн IMEI кодлар тизим операторига мурожаат қилиш орқали бепул асосда рўйхатдан ўтказилди.
2019 йил 1 декабрдан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказиш пуллик асосда амалга оширилиб келинмоқда.
Агар 2019 йил 1 ноябрдан кейин аризага асосан рўйхатга олинган бўлса, жараён 3 соат иш вақтида тўлов асосида амалга оширилади.

Шунингдек, республика ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъий назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўладилар.

Хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари мобил қурилмалари IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросига мурожаат қилади. Бунда дипломатик ваколатхоналар томонидан мобил қурилмалар дипломатик почта орқали олинмаган тақдирда аризага божхона юк декларацияси ёки божхона кирим ордери тақдим этилади.

Тизим оператори Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси берган аризага мувофиқ IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишни ариза олинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида тўлов асосида амалга оширади.

Суд қарорига кўра давлат эгалигига ўтказилган мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун давлат ижрочиси томонидан анкета ва суд қарори нусхаси тизим операторига тақдим этилади.

Шунга кўра, тизим оператори мобил қурилмаларни ариза келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида рўйхатдан ўтказади.

Тизим оператори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ўртасида суд қарорига кўра давлат эгалигига ўтказилган мобил қурилмалар бўйича электрон ахборот алмашинуви амалга оширилади.

Мобил қурилмаларни IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар қурилма ишлаб чиқариш учун тегишли рухсатномаларни, шунингдек, ваколатли органларни маҳаллий ишлаб чиқарувчиси ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши керак.

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет давлат фуқароси ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан мобил қурилмалар IMEI-кодларини тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга олинади.

Божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобил қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилади.

Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб киритилган мобил қурилмалар Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат этиш йўли билан, шунингдек, тизим операторининг сайти орқали, мос равишда почта идентификаторининг штрих коди, календарь штемпели бўлган конверт ва жўнатма олувчининг паспортини кўрсатган ҳолда амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан рўйхатга олиш учун кўрсатилган мобил қурилмалар олиб кирилган, шу жумладан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали келтирилган мобил қурилмалар сони жисмоний шахслар учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган божхона чегараси орқали товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошмаслиги лозим.

Божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча қисми бўйича божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи божхона кирим ордери тақдим этилиши керак.

Жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар (сана, усул ва бошқа) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашиш орқали мурожаат этилган сана ва паспорт маълумотларини қайд этилган ҳолда текширилади.

Халқаро почта жўнатмалари маълумотлари текшируви “Ўзбекистон почтаси” АЖ, курьерлик жўнатмалари ва БКО бўйича маълумотлари текшируви Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан электрон ахборот алмашинуви орқали амалга оширилади.

Божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобил қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилади.

Fikr bildirish