2021 йилдан банд бўлмаган аҳоли учун мономарказлар иш бошлайди
1 min read

2021 йилдан банд бўлмаган аҳоли учун мономарказлар иш бошлайди

Бугун АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Раҳимжон Маҳкамов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг иш билан банд  бўлмаган  аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш соҳасидаги фаолиятига доир маълумотлар тақдим этилди.

Брифингда айтилишича, 2020 йил 11 ойда деярли 45 минг фуқаро АБКМ томонидан касбга ўқитишга юборилди. Улардан 31 минг нафари (69%) – хотин-қизлар, 25 минги (56%) – ёшлардан иборат.

“Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги “Ишга марҳамат” мономаркази андозасида бандлик хизматларини кўрсатувчи 13 та «Ишга марҳамат» мономарказларини, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги 30 та касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш вазифаси қўйилган эди. Бугунги кунда мономарказларни ташкил этиш тадбирлари натижасида 17,9 минг банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш учун имконият яратилди. 2021 йилдан мазкур мономарказлар ишсиз ва банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини бошлашади.

Ушбу қарор билан 136 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди. Бу масканларда камида 10 минг аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган тикувчилик, ошпаз-қандолатчи, сартарошлик, косметолог, ҳунармандчилик, компютер саводхонлиги касбларига ўқитиш имконияти яратилди. Келгуси йил бундай масканлар сонини кескин кўпайтириш ишлари амалга оширилади. Куни кеча Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида таъкидланганидек, келгуси йилда яна 1000 дан ортиқ мана шундай маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади.

Яратилган ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, уни замонавий талаблар асосида моддий-техник жиҳозлаш, касбга ўқитиш бўйича илғор жаҳон тажрибаларини жорий этиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 11 декабрида Осиё тараққиёт банки директорлар кенгаши мазкур лойиҳага 93 млн доллар ажратишга қарор қилди.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсадлари – меҳнат бозори ва касбга ўқитиш тизими орасидаги ўзаро алоқадорликни мустаҳкамлаш, ишсизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш сифатини яхшилаш, профессионал таълим тизимини бошқаришни ва бандликка кўмаклашишни такомиллаштиришдан иборат.

Лойиҳа бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги 14 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, Аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш маркази, Меҳнат органлари малакасини ошириш маркази ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 6 та коллежи ва техникумларини, шунингдек Педагог ходимларни қайта тайёрлаш институтини реконструкция қилиш ва такомиллаштириш кўзда тутилган.

“Замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш натижасида коллежларнинг 10 минг ўқувчиси (жумладан 500 та имконияти чекланган шахслар) ва 48 минг ишсизлар, 600 ўқитувчи ва ишлаб  чиқариш таълими усталари, касбга ўқитиш марказлари ва коллежларнинг 100 та раҳбар ва ходимларини агробизнес, озиқ-овқат саноати, қурилиш, АКТ, тўқимачилик ва тикувчилик саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги, автомобиль ва маиший техникани таъмирлаш йўналишлари бўйича бевосита ўқитиш имконияти яратилади.

Лойиҳалаштирилаётган ўқув муассасаларида имконияти чекланган шахслар эҳтиёжларига мослаб ўқув инфраструктураси реконструкция қилинади, касбини ўзгартираётган меҳнат мигрантларини қайта ўқитиш дастурларини амалга ошириш ҳам назарда тутилган.

Лойиҳанинг амалга ошиш даври – 6 йил (2021-2027 йй.).

Fikr bildirish