Наманганда Маҳаллабай ишлаш ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишларнинг беш ойлик сарҳисоби ОАВ нигоҳида
1 min read

Наманганда Маҳаллабай ишлаш ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишларнинг беш ойлик сарҳисоби ОАВ нигоҳида

Жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида Наманган вилояти бўйича Маҳаллабай ишлаш ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишлар билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларни таништириш мақсадида ташкил этилган пресс-тур ташкил қилинди.

Дастлаб, Наманган шаҳридаги «Ишга марҳамат» моно марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов ҳудудлар бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг медиа вакиллари Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” маҳалласида хонадонбай ишлаш тизими, кичик саноат зонасида амалга оширилаётган янги инвестиция лойиҳалари ва чарм поябзал ишлаб чиқарувчи “Мастер класс дизайн” МЧЖда ҳоким ёрдамчиларининг тақдимотлари билан танишишди.

Уйчи тумани бўйлаб давом этган пресс-турда дастлаб Ёркатай кичик саноат зонасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишган иштирокчиларга ўз хонадонини кулолчилик корхонасига айлантирган, элликдан зиёд хотин-қизнинг бандлигини таъминлаган тадбиркор  Илҳомжон Тўхтамирзаевнинг чинни буюмлар ишлаб чиқариш ва касаначилик асосида безак беришни ташкил этиш лойиҳаси намойиш этилди.

Ҳоким ёрдамчиларининг амалга ошираётган ишлари билан танишиш Учқўрғон туманида давом этди. “Соҳил” маҳалласи ҳудудида “Учқўрғон фарель балиқлари” МЧЖ томонидан ташкил этилган балиқчилик кооперацияси фаолияти ва тумандаги “Фаравон” маҳалласи ҳудудида ҳоким ёрдамчиси Акмалжон Убайдуллаев томонидан ташкил этилган балиқ етиштириш лойиҳаси ОАВ вакилларига таништириб ўтилди.

Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, бугунги кунда Наманган вилоятидаги мавжуд маҳаллаларда 784 та ҳоким ёрдамчиси фаолият юритмоқда.

Улар томонидан вилоятдаги 522 мингдан зиёд хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди. 2022 йилнинг 5 ойида ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан вилоятда 140 минг 300 та иш ўрни яратилди.

7,3 минг фуқарога 150,3 миллиард сўм кредит, 1790 кишига 2,3 миллиард сўм субсидия ажратилди. Ҳудудларда олиб борилган амалий ишлар натижасида 4,6 минг та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Инвестиция дастурига киритилмаган 1,7 минг та «Маҳаллабай» лойиҳа шакллантирилди.

Fikr bildirish