Сўнгги 3 йилда Ўзбекистонда кибержиноятлар сони бир неча бараварга ошиб кетган — ИИВ
1 min read

Сўнгги 3 йилда Ўзбекистонда кибержиноятлар сони бир неча бараварга ошиб кетган — ИИВ

Бугунги кунда Ўзбекистонда кибержиноятчилик сўнгги 3 йилдагига қараганда бир неча баробар ошган. Бу ҳақда АОКАда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази масъул ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, юртимизда кибержиноятчиликнинг асосий қуйидаги турлари кўп учрамоқда:

— фирибгарлар пластик карта фойдаланувчиларига келган СМС-хабарномадаги кодларни тўловни амалга ошириш, ютуқни бериш каби баҳоналар орқали эгаллаб, ундаги маблағларни ўзлаштириш;

— шахсий маълумотларни эгаллаш ва уларни ошкор қилиш билан қўрқитиб товламачилик қилиш (кибертовламачилик);

— ижтимоий тармоқда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, ҳақорат, суитсид ҳолатлари (кибербуллинг) ва бошқалар.

Хорижий давлатлар (Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари) тажрибаси ўрганилганда, аҳолида интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш орқали уларни эҳтимолий хавфлардан барвақт огохлантириш бу — интернетдаги таҳдидларга қарши курашишдаги энг самарали усули эканлиги маълум бўлди.

Хусусан, аҳолини барча қатламини кибертаҳдидлардан барвақт огохлантириш ва интернет тармоғидаги содир этиладиган жиноятлар қурбонига айланиб қолмасликларини олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида тарғибот тадбирлари олиб борилган.

Тарғибот тадбирлари билан аҳолини янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан “Кибер-ёрдамчи” платформаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу жиноятчиликларнинг олдини олишда ёрдам бериб келмоқда.

Fikr bildirish