Ла Скалада Ўзбекистон театрлари учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши мумкин
1 min read

Ла Скалада Ўзбекистон театрлари учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши мумкин

Италиядаги Ла Скала театрининг Ўзбекистонга ижодий сафарини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги делегацияси маданият ва санъат соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Милан шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Сафар доирасида Ўзбекистон элчихонаси томонидан «Италия-Ўзбекистон» Савдо-саноат палатаси (CIUZ) кўмагида дунёдаги энг нуфузли театрлардан бири – Ла Скала опера театри, унинг академияси, балет мактаби ва ижодий жамоа раҳбарияти билан учрашувлар ташкил этилди.

Ла Скала театри академияси 4 та мактаб-факультетдан ташкил топган. Улар мусиқа, рақс, саҳна санъати ва бошқарув мактабларидан иборат. Бу ерда ҳар йили дунё турли бурчакларидан келган мингдан ортиқ талаба (тахминан 500 нафари профессионал курсларда ва 500 нафари бошланғич курсларда) 30 та дастур бўйича таҳсил олади.

Ўқитиш жараёни машғулот ва амалиётга асосланган. Талабалар таниқли режиссёрлар, хонандалар, дирижёр ва раққосалар билан биргаликда концертлар, спектакллар, кўргазма ва семинарларда мунтазам қатнашади. Ўқиш ва малака оширишда муваффақиятга эришган битирувчилар билан Ла Скала театрида ишлаш учун шартномалар тузилади. Академия директори Луиза Винчи айтишича, таълим муассасаси ҳар йили талабалар учун 600 минг евро грант ажратади.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон театрлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлик билдирилди.

Ла Скала театри академияси, Ўзбекистоннинг тегишли театри ва «Италия-Ўзбекистон» Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузишга келишиб олинди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликда ишлашга тайёр эканини тасдиқлади. Ла Скала театрининг Ўзбекистонга гастрол сафарини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Fikr bildirish