Малайзия Ўзбекистондаги кам таъминланган оилалардан бўлган талабаларга грантлар ажратади
1 min read

Малайзия Ўзбекистондаги кам таъминланган оилалардан бўлган талабаларга грантлар ажратади

Бухоро вилояти делегацияси Малайзияда Ўзбекистон зиёрат туризми ва маданий меросини тарғиб этиш масалаларини муҳокама қилди.

Малайзияга амалий сафар билан борган Бухоро вилояти ҳокимлиги делегацияси Ўзбекистон зиёрат туризми элчиси, Перлис штати муфтийси Моҳд Асри Бин Зайнул Обидин ва Ислом санъати музей раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Музокаралар натижасида зиёрат туризми элчиси Моҳд Обиддиннинг «Зиёрат туризми ҳафталиги»да иштирок этиш учун Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Малайзия Ислом санъати музейида бўлиб ўтган учрашувда моддий-маданий объектларининг қўшма кўргазмаларини ташкил этиш орқали ислом олами илмий ва маданий меросини тарғиб қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Бухоро вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Куала-Лумпур шаҳридаги Ислом санъати музейида «Ўзбекистон – ислом маданияти маркази» мавзусида экспозиция ташкил этиш ва Бухоро вилоятидаги музейларнинг Шарқ миниатюра ва артефактлари кўргазмалари концепцияларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Малайзия томони 2023-2024 ўқув йили учун Ўзбекистондаги кам таъминланган оилалардан бўлган иқтидорли талабаларга Ал-Бухорий халқаро университети бакалавриат йўналишида таҳсил олишлари учун грантлар ажратиш, музей бошқаруви мутахассислари иштирокида малака ошириш бўйича семинар ва тренинглар ташкил этишга тайёр эканини ҳам маълум қилди.

Fikr bildirish