1 min read

Ўзбекистонда 7 ойда энг кўп қайси ҳудудда ноқонуний дарахт кесилгани маълум бўлди

Олий Мажлис Сенатининг 30 июль кунги XII ялпи мажлисида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг кесилишига доир масала муҳокама қилинди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда олиб борилиши лозим бўлган чора-тадбирларга етарли эътибор қаратмагани оқибатида 2021 йилнинг 6 ойи давомида мамлакатда дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2597 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Шунингдек, бу билан табиатга 6,7 миллиард сўм зарар етказилган. Аниқланишича, ҳуқуқбузарликлар сабаб 407 та қимматбаҳо навли дарахт, 2109 та кам қимматли дарахт, 1744 метр/куб буталар ноқонуний кесилган.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг бошидан дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ва шикастлантирилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳудудлар кесимида таҳлил этилган. Шу билан бирга қуйида энг кўп қонунбузарлик содир этилган ҳудудлар рўйхати эълон қилинган:

  • Қорақалпоғистон — 1065 та;
  • Самарқанд — 609 та;
  • Қашқадарё — 534 та;
  • Навоий — 349 та;
  • Тошкент — 344та.

Мажлисда сенаторлар томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишнинг олдини олиш, атроф-муҳит ва экологияни асраб-авайлаш, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлувчи ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимли ишларни ташкил этишга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Аввалроқ мажлисда Ўзбекистонда айрим шаҳар ва туманларни ривожлантириш учун қарийб 915 миллиард сўм сарфлангани маълум қилинган. Шунингдек, Танзила Норбоева давлат дастурдаги муаммолар ва камчиликлар тўғрисида фикр билдиргани хабар қилинган.

Fikr bildirish