Ўзбекистонда эмланмаган ходимлар ишга қўйилмаслиги мумкин
1 min read

Ўзбекистонда эмланмаган ходимлар ишга қўйилмаслиги мумкин

Олий Мажлис Сенатининг XII ялпи мажлисида «Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонуни муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Қонунчилик палатаси томонидан ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва қабул қилинган. Шунингдек, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш, жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилади.

 

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли экани айтилган. Қонуннинг қабул қилиниши натижасида коронавирус инфекциясининг янги тўлқинларининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланиши таъкидланган.

 

Шу билан бирга, юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади. Ҳужжат сенаторлар томонидан маъқулланган.

 

Аввалроқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг кесилишига доир масала муҳокама қилинган. Шунингдек, Танзила Норбоева давлат дастурдаги муаммолар ва камчиликлар тўғрисида фикр билдиргани хабар қилинган.

Fikr bildirish