Мирзиёев Эрдўғонга Истанбулдаги теракт сабаб таъзия йўллади
1 min read

Мирзиёев Эрдўғонга Истанбулдаги теракт сабаб таъзия йўллади

Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳри Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасида юз берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таскин-тасалли ва бардамлик, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Истанбулнинг Бейўғли туманидаги портлаш 13 ноябрь куни 16:20 (Тошкент вақти билан 18:20) атрофида юз берган. Воқеа содир бўлган Истиқлол кўчаси пиёдалар учун мўлжалланган бўлиб, сайёҳлар орасида энг оммабоп жойлардан бири ҳисобланади. У тўлиқ ёпиб қўйилган, шунингдек, ўша ерга яқин жойдаги Таксим масжиди ҳам ёпилган.

Шундан сўнг кўчага бомба ўрнатган шахс қўлга олинган, у Анқара террористик ташкилот деб ҳисоблайдиган Курдистон ишчилар партияси (КИП)га алоқадор, деб тахмин қилинган.

Шунингдек, Истанбулдаги портлашда Ўзбекистон фуқароси ҳам жабрлангани маълум бўлган.

Fikr bildirish