Ўзбекистонда боғча ходимлари маошини ошириш таклифи ишлаб чиқилгани маълум бўлди
1 min read

Ўзбекистонда боғча ходимлари маошини ошириш таклифи ишлаб чиқилгани маълум бўлди

Ўзбекистонда МТТ ходимларининг маошини ошириш бўйича таклиф ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Бу учун давлат бюджетидан ўртача 2,9 триллион сўм талаб этилади.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 3-7 ёшли 2 миллион 800 минг нафар бола бўлиб, шундан 1 миллион 959 минги мактабгача ёшдаги болалар саналади. Жорий йилнинг биринчи ярмида 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 69,5 фоизга ва 6 ёшли болаларнинг мактабга тайёрлов тизими билан қамрови 84 фоизга етказилган.

Яна бир жиҳат борки, болаларнинг интеллектуал, шахсий ва жисмоний ривожланишини таъминлашда ҳисса қўшаётган мактабгача таълим муассасаси тарбиячиларининг иш ҳақи миқдори нисбатан паст.

Хўш, қандай ҳолларда боғчаларда ходимларнинг маошига қўшимча ҳақ тўланиши мумкин? Давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг маошлари ошириладими?

Мазкур саволларга Мактабгача таълим вазирлигининг Молиявий-иқтисодий ривожланишни режалаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Пардаев қуйидагича жавоб берди:

— Мактабгача таълим ташкилотларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш бугуннинг долзарб масаласидан биридир. Педагог кадрлар учун уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш соҳадаги ишлар самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Аммо афсуски, олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, соҳа ходимларининг маошини ошириш масаласи тизимдаги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. 

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан давлат мактабгача таълим ташкилоти директори, педагог ходимлари ва тарбиячи ёрдамчиси лавозими маошини икки босқичда ошириш бўйича таклиф ишлаб чиқилган.

Шунингдек, қонунчиликка кўра, давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларига бажарилган ишлар натижасига қараб, ҳисобот даври якунида, шунингдек, юбилей ва байрамларда «Ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси» ҳисобидан мукофот пуллари тўлаб берилиши белгилаб қўйилган.

МТТ ходимларига бериладиган мукофотнинг миқдори ходим томонидан бажарилган ишлар самарадорлигига мутаносиб равишда белгиланади. Ходимнинг лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча ҳақ ходим фаолиятининг натижалари асосида мактаб ёшигача бўлган болаларни тарбиялашга оид ҳар бир ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий қилинган илмий-методик қўлланма, илмий-таҳлилий услублар учун лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача, таълим ва тарбия соҳасида тегишли ташкилот билан боғлиқ илмий мақола нашр қилганлиги учун журналнинг даражаси ва муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда миллий илмий журналлардаги нашр учун лавозим маошига нисбатан 15 фоизгача ҳамда халқаро журналларда эълон қилинган ҳар бир мақола учун муаллифларга лавозим маошига нисбатан 30 фоизгача белгиланади.

Ходимнинг кўрик-танловлардаги иштироки учун унинг лавозим маошига нисбатан туман ва вилоят миқёсдаги натижалар учун 15 фоизгача, республика миқёсдаги натижалар учун 20 фоизгача ва ўйин тамойилига асосланган замонавий машғулотларни ташкил қилганлиги учун 15 фоизгача миқдорда бир марталик қўшимча ҳақ тўланади. Тарбияланувчиларни илм-фанга қизиқишини оширишга ҳисса қўшган тарбиячи ҳам 20 фоизгача бўлган миқдорда маошига бир марталик қўшимча ҳақ олиши мумкин.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида бир ставкада фаолият кўрсатувчи тарбиячининг маоши унинг малака тоифасига қараб 1 миллион 506 минг 229 сўмдан 2 миллион 46 минг 822 сўмгача табақалаштирилган. Жумладан, ўрта махсус маълумотли тарбиячининг базавий тариф ставкаси 1 миллион 506 минг 229 сўм, олий маълумотли тарбиячининг базавий тариф ставкаси 1 миллион 631 минг 200 сўмни ташкил этади.

Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш гуруҳларида фаолият кўрсатувчи олий маълумотли тарбиячи лавозим маоши унинг малака тоифасига қараб 2 миллион 341 минг 248 сўмдан 2 миллион 840 минг 329 сўмгача табақалаштирилган. Жумладан, олий маълумотли тарбиячи базавий тариф ставкаси 2 миллион 341 минг 248 сўм, биринчи тоифали тарбиячи базавий тариф ставкаси 2 миллион 507 минг 193 сўмни ташкил этади. Тарбиячи ёрдамчисининг лавозим маоши ходим педагогик маълумотга эга бўлганда 1 миллион 374 минг 624 сўм, нопедагогик маълумотга эга бўлганда 1 миллион 145 минг 520 сўмни ташкил этади.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида ходимларнинг лавозим маошлари республика ўртача кўрсаткичидан сезиларли даражада пастлигини инобатга олиб, вазирлик томонидан ходимларнинг лавозим маошларини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Унга кўра, давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ўқитувчи, логопед, дефектолог, методист ва тарбиячилар лавозим маошларини умумтаълим мактаби ўқитувчиси лавозим маошига босқичма-босқич тенглаштириш назарда тутилган.

Мазкур таклиф Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар томонидан маъқулланган тақдирда Ҳукуматга тегишли ҳужжат лойиҳаси киритилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори, педагог ходимлари ва тарбиячи ёрдамчиси лавозим маошларини қайд этилган миқдорларда ошириш учун давлат бюджетидан ўртача 2,9 триллион сўм маблағ талаб этилади.

Fikr bildirish