Зўравонлик, ўлим, тўйиб овқатланмаслик: Ўзбекистонда болалар ўртасида олиб борилган таҳлиллар эълон қилинди
1 min read

Зўравонлик, ўлим, тўйиб овқатланмаслик: Ўзбекистонда болалар ўртасида олиб борилган таҳлиллар эълон қилинди

Ўзбекистонда мултииндикатор кластер кузатувлари ўтказилди. Бу ҳақда Сенатда бўлиб ўтган бола ҳуқуқларига оид давра суҳбатида Давлат статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегалов маълум қилди.

Мултииндикатор кластер кузатувлари (МИCС) – UNICEF томонидан ишлаб чиқилган халқаро уй хўжаликларини ўрганиш дастуридир. У орқали болалар ва аёлларнинг жамиятдаги ҳолатини баҳолаш бўйича статистик кўрсаткичлар йиғилади. Давра суҳбатида Баҳодир Бегалов республикада ўтказилган МИCС кузатувларининг болаларга оид қисми бўйича ахборот берди.

16 фоиз болалар фақат онаси билан яшайди

Кузатув бутун республиканинг 14 та ҳудудини қамраб олган ва 15 мингта уй-хўжалигида ўтказилган.

Натижаларга кўра, 81 фоиз уй хўжаликларида 17 ёшгача, 42 фоиз уй хўжаликларида 5 ёшгача бўлган камида битта бола истиқомат қилади. 17 ёшгача бўлган болаларнинг 79 фоизи оилада ота-онаси билан, 16 фоизи фақат онаси билан, 2 фоизи фақат отаси билан бирга яшайди. Болаларнинг фоизи биологик ота-оналари билан яшамайди.

Болалар ўлими бўйича таҳлиллар

Беш ёшга тўлмасдан вафот этиш кўрсаткичи ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоққа нисбатан 25 тани ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич 2006 йилда ўтказилган МИCС натижаларида 57 нафарни ташкил этган.

Гўдаклар ўлими коэффициенти ҳар 1000 нафар тирик туғилганга нисбатан 22 нафарга, неонатал (0-28 кунгача бўлган ўлим) ўлим кўрсаткичи 17 нафарга тўғри келмоқда. Сўнгги 15 йилда гўдаклар ва беш ёшгача бўлган болалар ўртасида ўлим кўраткичининг пасайиш тенденцияси кузатилмоқда.

Туғилиш ва оилани режалаштириш

Туғилишнинг умумий коэффициенти ҳар бир аёлга 3,3 та фарзанд туғилишини ташкил этмоқда. 15-19 ёшли ўсмирлар орасида туғилиш кўрсаткичи қишлоқ жойларига қараганда шаҳарларда юқорироқ, яъни ҳар 1000 нафар аёлга шаҳарда 34 та, қишлоқда 26 та туғиш тўғри келмоқда. Беш ёшгача бўлган болаларнинг туғилиши (100 фоиз) ФҲДЁ органларида рўйхатга олинган.

Оналар ва гўдаклар саломатлиги

Туғишгача бўлган парвариш вақтида аёлларнинг 90 фоизи камида тўрт марта, 98 фоизи камида икки марта малакали тиббиёт ходими томонидан кўрикдан ўтказилган.

Туғуруқларнинг 99 фоизи давлат тиббиёт муассасаларида, малакали тиббиёт ходимлари иштирокида, 21 фоизи эса кесарево жарроҳлик амалиёти ёрдамида амалга оширилган. Юқори кўрсаткичлар, яъни 24 фоиз бой қатламларда кузатилмоқда, камбағалроқ қатламларда бу кўрсаткич 19 фоизни ташкил этди. Туғуруқдан сўнг 100 фоиз аёллар ва янги туғилган чақалоқлар кўрикдан тўлиқ ўтказилган.

Болаларни эрта ёшда, шу жумладан, кўкрак сути билан озиқлантириш

40 фоиз аёлларда туғуруқдан сўнг фарзандлари бир соат ичида кўкракка қўйилгани кузатилди. Кузатув натижалари ҳар тўрт чақалоқдан фақат биттаси (25 фоиз6 ойгача фақат она сути билан озиқланганини кўрсатмоқда.

Болалар озиқланиши

Кузатув натижалари 5 ёшгача бўлган 7 фоиз болаларнинг бўйи ўсишдан ортда қолаётганини кўрсатмоқда. Мазкур кўрсаткич 2006 йил натижаларига (14,6 фоиз) нисбатан икки баробарга пасайган. Шунингдек, бу кўрсаткич МДҲ ҳудудидаги давлатлар орасида ҳам энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Кузатув давомида 5 ёшгача бўлган 2 фоиз болаларда тўйиб овқатланмаслик кузатилаётгани аниқланди. 2006 йил натижаларига (5,1 фоиз) нисбатан пасайиш қайд этилди.

Ортиқча вазн 5 ёшгача болаларнинг 5 фоизида (ўғил болалар 5 фоиз, қиз болалар 4 фоиз) кузатилмоқда. 2006 йилда ўтказилган МИCС кузатувида бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил этган.

Кичик ёшдаги болаларнинг ривожланиши

Бола ҳаётининг дастлабки йиллари когнитив, ижтимоий, ҳиссий ва жисмоний ривожланиш учун жуда муҳимдир. 2-4 ёшдаги 78 фоиз болалар билан оила аъзолари болани ривожлантиришга ундовчи тўрт ва ундан ортиқ фаолият билан шуғулланган. Шу ўринда оталар иштироки бор йўғи 5 фоизни ташкил этмоқда. 3-4 ёшдаги 46 фоиз болалар эрта таълим дастурларида иштирок этган. Бу кўрсаткич, айнан кузатув вақтидаги натижани ифодалайди. Шу ўринда, 2006 йил (19,7 фоиз) натижаларига нисбатан 2,3 баробарга яхшиланганини кузатиш мумкин.

Ўқув материаллари ва бола қарамоғи

5 ёшгача бўлган 92 фоиз болалар дўкондан олинган ўйинчоқлар билан ўйнайди. 5 ёшгача бўлган 12 фоиз болалар кузатувдан аввалги ҳафта давомида бир соатдан ортиқ вақт мобайнида ҳеч бўлмаганда бир маротаба, 10 ёшдан кичик бўлган бошқа болалар қарамоғида қолганлиги кузатилди.

2-4 ёшли болаларнинг 96 фоизида соғлиқ, таълим олиш ва психологик нуқтаи назаридан нормал ривожланиш қайд этилди. Бу МДҲ минтақасидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

Таълим, қамров ва тенглик кўрсаткичлари

Юқорида қайд этилганидек, 3-4 ёшдаги 46 фоиз болалар кузатув пайтида мактабгача таълим муассаларига қатнашган.

Тайёргарлик босқичида, яъни бошланғич мактабга расмий киришдан бир йил олдин ташкил этилган таълимда, юқори натижа, яъни 72 фоиз қайд этилди. Гендер ва минтақавий тафоввутлар деярли мавжуд эмас.

Бошланғич таълим (1-4 синфлар) ва ўрта таълимнинг қуйи босқичлари (5-9 синф)да соф давомат коэффициентлари юқорилиги қайд этилди. Тегишлилиги бўйича 99 фоиз ва 97 фоизни ташкил этди.

Ўрта таълимнинг юқори босқичи (10-11 синф, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари)да давомат коэффициенти 94 фоизни ташкил этди. Бу борада энг паст кўрсаткич ғарбий минтақада (91 фоиз) кузатилди.

Бошланғич мактабнинг биринчи синфига қабул қилинган деярли барча болалар уни тамомлайдилар. Бошланғич мактабни битириш кўрсаткичи ўғил болаларда 100 фоиз, қиз болаларда 99 фоизни ташкил этмоқда.

Ўрта мактабни тугатиш даражаси 98 фоизни ташкил этди, шу жумладан, ўғил болаларда 98 фоиз ва қиз болаларда 99 фоиз.

Тўлиқ ўрта таълим (мактаб, лицей, коллеж) бўйича ўқишни якунлаш коэффициенти 94 фоизни ташкил этди, шу жумладан, ўғил болаларда 94 фоиз, қиз болаларда 93 фоиз. Ўғил ва қиз болалар ўртасида ўрта таълимни тугатиш даражасида сезиларли фарқлар йўқ.

Таълимда ота-оналарнинг иштироки

Мактабга қатнайдиган ва уй вазифасини бажарадиган 7-14 ёшдаги болаларнинг 72 фоизига ота-оналари томонидан ёрдам берилади. Шу билан бирга, ёш болаларга катта ёшдаги болаларга қараганда кўпроқ ёрдам берилади.

Ота-оналарнинг мактаб бошқаруви ва мактаб ҳаётидаги иштироки юқорилиги қайд этилди. Ўтган йили 7-14 ёшдаги болаларнинг 98 фоизида ота-оналар томонидан фанларни ўзлаштириш табеллари билан шахсан танишилган.

Болаларни тарбиялаш

Интизомга чақиришнинг ҳар қандай зўравонлик усули остида жисмоний жазолаш ёки психологик тажовуз туради. Яъни, болани силкитиб қўйиш, унга қичқириш ёки бақириш, шунингдек, унга нисбатан аҳмоқ, дангаса ёки бошқа шунга ўхшаш сўзларни ишлатиш тушунилади.

МИCС натижалари шуни кўрсатдики, 1-14 ёшдаги болаларнинг 31 фоизи фақат зўравонликсиз, тартиб-интизом усуллари билан тарбияланади. Оналарнинг 89 фоизи болани жисмонан жазоламаслик керак, деб ҳисоблайди. Шу ўринда, ҳар учинчи бола (29 фоизжисмонан жазоланган.

10 нафар боладан 6 нафари (62 фоиз) кузатувдан олдинги ойда ҳар қандай зўравонлик асосидаги интизомга чақиришни бошдан кечирган (шу жумладан, қизларнинг 60 фоизи ва ўғил болаларнинг 64 фоизи).

1-14 ёшдаги болаларни зўравонлик асосида тартибга чақириш даражаси камбағал уй хўжаликларида бой уй хўжаликларига қараганда кўпроқ учрайди. Жисмоний жазога жами болаларнинг 29 фоизи, шу жумладан, ўғил болаларнинг 32 фоизи ва қиз болаларнинг 27 фоизи учраган.

Болалик ёшидаги никоҳ

20-24 ёшдаги аёлларнинг 3 фоизи 18 ёшга тўлмасдан биринчи марта расмий ёки норасмий никоҳ қурган бўлса, 15 ёшга тўлмасдан турмуш қуриш деярли нол фоизга тенг. Ушбу кўрсаткич 2006 йил МИCС натижаларига кўра, 12,5 фоизни ташкил этган ва бугунги кунга келиб кескин камайган. Бу минтақадаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

18 ёшдан олдин турмуш қуришнинг энг юқори кўрсаткичи 20-49 ёшдаги ўрта маълумотлилар орасидан 13 фоизни, энг паст кўрсаткичи олий маълумотлилар орасидан 3 фоизни қайд этган. Шунингдек, юқори кўрсаткич Шарқий минтақада 11 фоиз ва энг пасти — Марказий минтақада 3 фоиз кузатилди.

Fikr bildirish