«Ўзмиллийбанк» АЖ ва Франциянинг Société Générale банки 50 миллион евролик келишувга эришди
1 min read

«Ўзмиллийбанк» АЖ ва Франциянинг Société Générale банки 50 миллион евролик келишувга эришди

Шу йилнинг 18 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи арафасида «MEDEF International» Франция тадбиркорлари ҳаракатининг Париж шаҳридаги қароргоҳида икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Бизнес-форумда Франция ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги, авиация саноати, темир йўл транспорти, логистика ва коммуникациялар, энергетика, тоғ-кон саноати, сервис ва консалтинг, қурилиш каби соҳалардаги етакчи компаниялари, банк ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон–Франция бизнес-форумининг муҳим воқеаларидан бири — «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ ва Франциянинг Société Générale S.A.молиявий конгломерати ўртасида50 миллион евро миқдорида кредит линиясини жалб этишни назарда тутувчи ҳамкорлик шартномасининг имзоланиш маросими бўлди.

Шартнома икки банк ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради:

1. Лойиҳа ва савдони молиялаштириш соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш шу жумладан технологик асбоб-ускуналар, хомашё етказиб бериш, шунингдек, кейинчалик юқори қўшимча қийматга эга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун Франциядан хизматлар кўрсатишни кўпайтириш:
2. Ғазначилик операциялари сохасида, шу жумладан халқаро капитал бозорларидаги махсулотлар ва валютавий своп, форвард, опцион каби хосилавий молиявий воситалар:
3. Икки мамлакат ўртасида узоқ муддатли ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш ва банк секторини ўзгартириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан илгари сурилган банк фаолиятининг бошқа соҳаларидага ислоҳотларни амалга ошириш:

4. Банк ходимларининг малакасини ошириш мақсадида тажриба алмашиш қўшма тадбирларни ўтказиш:

Юқоридаги музокаралар доирасида томонлар Францияда ишлаб чиқариладиган ATR 72-600 русумли самолётларни етказиб беришни назарда тутувчи транспорт соҳасида лойиҳани молиялаштириш бўйича келишувга эришилди.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги «Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-412-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ичида минтақавий йўловчи ташиш ҳажмини кенгайтириш имконини беради, ички туризм ва минтақавий ҳаво қатновини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоиз-ки, «Ўзмиллийбанк» АЖ ва SociétéGénérale S.A. ўртасида, 2003 йилдан бошлаб, узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, 20 йиллик давр мобайнида томонлар ўртасида 700 млн. АҚШ доллари миқдорида 9 та лойиҳа амалга оширилган. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг барча ҳудудларида кўп сонли янги ишчи ўринларини яратиш имконини берди. Вакиллик алоқалари соҳасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бу Франция ва Ўзбекистон ўртасида ҳисоб-китоб бизнесини ривожлантириш ва халқаро тўловларга хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.

Маълумот ўрнида: Société Générale S.A. Европадаги энг йирик француз молиявий конгломератларидан бири бўлиб, у BNP Paribas, Crédit Agricole ва Groupe BPCE билан биргаликда француз банк бозорининг «катта тўртлигини» ташкил қилади. Банк 1864 йил 4 майда бир гуруҳ саноатчилар ва молиячилар томонидан Société Générale pour favoriser le développement du commerce et de l’industrie en France (Францияда савдо ва саноатни ривожлантириш бўйича умумий жамият) номи билан ташкил этилган.

Société Générale S.A. нинг асосий фаолияти чакана банк, молиявий хизматлар, суғурта, глобал банк ва инвестициялар. Société Générale S.A. капитали 73,7 млрд. АҚШ долларини, активлари эса 1,6 трлн. АҚШ долларини ташкил этади. S&P (A), Fitch (A) ва Moody’s (A1)томонидан рейтингларга эга.

Fikr bildirish