«Битта вазирлик бошқаларнинг устидан қўриқчи бўлиши билан муаммо ҳал бўлмайди» — Тимур Ишметов
1 min read

«Битта вазирлик бошқаларнинг устидан қўриқчи бўлиши билан муаммо ҳал бўлмайди» — Тимур Ишметов

Қўйи палатанинг навбатдаги мажлисида Ўзбекистонда қарийб 705 млрд сўмлик бюджет маблағлари мақсадсиз сарфлангани маълум бўлди. Молия вазири Тимур Ишметов бунга жавобан бюджет тақсимотини тўғри амалга оширишда барча вазирликлар жавобгар эканини айтиб, уларни масъулиятли фаолият олиб боришга чақирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи сессиясида ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси Мардаев Ботир томонидан Молия вазирлигига бюджет маблағларининг нотўғри сарфланиши ва аниқланган ҳолатлар бўйича вазирлик қандай чора ва тадбирлар қилишни режалаштираётгани ҳақида савол йўллади.

«Албатта бу ҳолатга муносабатимиз салбий. Келтирилган рақамларни Молия вазирлигининг ўзи тегишли идоралар билан бирга аниқлаштириб бермоқда. Бундай талаб кўпроқ вазирликларнинг ўзига бўлиши керак. Энг катта муаммо ойлик бериш масаласида бўлганлиги боис 2023 йил учун текшириб, тасдиқланган режа ҳам I чоракдан кейин ёппасига қайтадан кўриб чиқилади ва ўзгартирилади. Бунда биз кўпроқ вазирликларнинг масъулиятини ошириш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу битта вазирлик ҳамма вазирликнинг устидан қўриқчи бўлиб тургани билан иш битмайди», — деди Тимур Ишметов.

Шунингдек, вазир бюджет маблағларини тўғри тақсимлаш вазирликларнинг ўзига юклатилгани, ички аудитни такомиллаштириш ва тизимни рақамлаштириш [жараёни] бухгалтерия ва масъул ходимлар бехосдан ёки атайлаб хато қилмаслиги учун жорий этилишини ҳам таъкидлади.

«Агар бўлим [бухгалтерия] сметага катта ойлик киргизишни мақсад қилган бўлса, бу назоратнинг умуман фойдаси бўлмайди. Бундай ишларни қилган вазирликларга тегишли чора кўриш керак деб ўйлайман», — дея жавоб берди у.

Аввалроқ, Ўзбекистонда ўтган 9 ой давомида 704,9 млрд сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ва мақсадсиз сарфлангани маълум қилинганди. Хусусан, халқ таълими тизимида 47 млрд сўм, соғлиқни сақлашда 30 млрд сўмга яқин қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. «Бундай ҳолатлар йилдан-йилга ошиб бормоқда», — дейилади қуйи палата хабарида.

Fikr bildirish