Октябрь ойида кўчмас мулк сотиб олишга бўлган талаб бироз пасайди
1 min read

Октябрь ойида кўчмас мулк сотиб олишга бўлган талаб бироз пасайди

Кўчмас мулк бозори таҳлили йил бошидан буён сотиш ҳажмининг 9,2 фоизга ўсганини кўрсатди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида уй-жойларнинг ўртача нархи қарийб 20 фоизга ошди. Экспертларнинг фикрича, уй-жой ижарасига бўлган талабнинг ортиши октябрь ойида савдо ҳажмининг бироз пасайишига хизмат қилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб октябрь ойида бироз пасайганини қайд этди. Бу орада кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 4,3%га ошган. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар берди.

Йил бошидан буён савдо ҳажмининг энг юқори ўсиш суръатлари Жиззах — 42%, Сирдарё — 29% вилоятларида ва Тошкент шаҳрида — 15% атрофида кузатилди.

Кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган олди-сотди шартномалари сонининг ўзгариши

Куз бошларида уй-жой ижарасига бўлган талабнинг кескин ўсиши қайд этилган бўлиб, бу октябрь ойида сотишнинг пасайишига хизмат қилди.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида уй-жой олди-сотди ҳажмининг бироз камайгани кузатилди (-72 та). Бунда пойтахтда октябрь ойида ўртача ижара нархи 17%га ошиб, 1 кв.м учун 10,5 долларни ташкил этди, йил бошидан эса бу кўрсаткич 43%дан зиёдга ортди.

Уй-жой ижара нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Олмазор — 49%, Яшнобод — 44%, Сергели — 34% ва Шайхонтоҳур — 33% туманларида қайд этилди.

Уй-жой учун энг юқори ижара нархлари Шайхонтоҳур, Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилди. Нисбатан арзон нархлар Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида кузатилди.

Умуман олганда, йил бошидан буён уй-жой сотиш ҳажмининг ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,2%ни ташкил этди.

Иккиламчи уй-жой кўчмас мулк бозоридаги фаоллик

Ҳисоб-китобларга кўра, октябрь ойида республикада иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи ўсиши 2,3%ни (сентябрда — 1,1%) ташкил қилди.

Хусусан, йил бошидан буён иккиламчи бозорда 1 кв.м учун уй-жойнинг ўртача нархи 11,4%га ошди.

Тошкент шаҳрида ва ҳудудлар маъмурий марказларида иккиламчи уй-жой нархларининг ўзгариши (1 кв.м учун АҚШ долларида)

Октябрь ойида нархларнинг сезиларли ўсиши Сирдарё — 6,5%, Қашқадарё — 6,5% вилоятларида ва Тошкент шаҳрида — 4,6% кузатилди.

Тошкент шаҳрида иккиламчи бозорда уй-жой нархларининг ўсиши 4,6%ни (сентябрда 1,7%) ташкил этди. Шу билан бирга, пойтахтда йил бошидан буён ўртача нархлар 19,8%га кўтарилган бўлиб, бу талабнинг, жумладан, чет эл фуқароларининг кириб келиши натижасида сезиларли даражада ошганини кўрсатди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони

Нархлар бўйича энг юқори ўсиш суръатлари пойтахтнинг Яшнобод, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида қайд этилди.

Fikr bildirish