Ўзбекистон парламенти депутатлари Германия Бундестаги тажрибасини ўрганмоқда
1 min read

Ўзбекистон парламенти депутатлари Германия Бундестаги тажрибасини ўрганмоқда

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакилларидан иборат делегация амалий ташриф билан Германияда бўлиб турибди.

Қайд этилишича, 2 декабрга қадар давом этадиган ташриф 28 ноябрь куни бошланган бўлиб, жараён давомида мамлакат парламенти аъзолари Германия Бундестаги фаолиятини ташкил этиш тажрибаси, жумладан, унинг бошқаруви, илмий хизмати, доимий комиссиялари, парламент назорати ва мурожаатлар органлари, кутубхоналар ва бошқа тузилмалари фаолияти билан яқиндан танишади.

Ҳафталик дастур доирасида Германия депутатларининг партия фракциялари, ихтисослаштирилган қўмиталари амалий фаолияти, Бундестаг ва сайлов округларидаги ялпи мажлислар жараёни билан танишишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Германия федерал ерларининг вакиллик органи бўлмиш Бундесрат ва Бранденбург федерал ери парламенти (Ландтаг) фаолияти билан танишиш ҳам режалаштирилган.

Германиянинг илғор тажрибасини ўрганиш доирасида Ўзбекистон томонининг мурожаатига биноан Бундестаг вакиллари мамлакат бюджетини режалаштириш ва унинг бажарилишини мониторинг қилиш бўйича Германия парламенти фаолияти тўғрисида ҳам маълумот беради.

Немис мутахассисларининг фикрича, парламент аъзоларининг меҳнат самарадорлигига, асосан, Бундестагнинг ахборот ва илмий хизматлари кўмаклашади, муайян воқеаларни таҳлил қилади ва тегишли маълумотларни тақдим этади. Шу муносабат билан, Ўзбекистон парламенти вакиллари Бундестагнинг ахборот ишлари, жумладан, босма ва электрон нашрлари фаолияти билан ҳам танишади.

Парламентлараро алоқалар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги самарали ривожланаётган икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, бу борадаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Сўнгги 5 йилда парламент делегацияларининг 10 дан ортиқ ташрии амалга оширилди. Хусусан, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг яқинда Ўзбекистонга ташрифи чоғида Бундестаг депутатлари делегацияси ҳам ҳамроҳлик қилди.

Германия парламенти аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар билан боғлиқ долзарб масалаларга бағишланган турли анжуман, форум ва бошқа тадбирларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Fikr bildirish