Октябрь ойида ўзбекистонликлар сезган инфляция даражаси маълум қилинди
1 min read

Октябрь ойида ўзбекистонликлар сезган инфляция даражаси маълум қилинди

Жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентлар томонидан сезилган инфляция даражаси бироз пасайиб 14,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк хабар бермоқда.

Белгиланган жавобларнинг ўртача қиймати 0,3 фоиз бандга ошди ва 11,9 фоиз атрофида шаклланди.

Сўров иштирокчилари орасида инфляцияни 13-20 фоиз даражада ҳис қилганлар улуши ўтган ойга нисбатан 7 фоиз бандга кўпайди.

Аксинча, инфляцияни 20 фоиздан юқори ошганини ҳис қилганлар улуши сентябрь ойидаги 24 фоиздан октябрь ойида 20 фоизгача камайди.

Октябрда респондентлар томонидан асосий истеъмол товарларидан нархлари юқори ошганлигини белгилаганлар улуши ўтган ойга нисбатан қисқарган.

Хусусан, гўшт, сут, ёғ, тухум, кийим, пойабзал ҳамда ижара ҳақи нархлари юқори даражада ошган деб қайд этганлар улуши деярли ўзгармаган. Нон, ун, шакар, бензин нархлари ошганлигини белгилаган респондентлар улуши ўтган ойга нисбатан камайганини кўриш мумкин.

Шунингдек, ишлаб чиқариш, тиббиёт, маиший хизмат, илм-фан ва таълим ҳамда давлат ташкилотларида фаолият юритаётган респондентлар инфляцияни юқорироқ сезган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент, Хоразм, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида респондентлар томонидан сезилган инфляция даражаси нисбатан юқорироқ даражада шаклланган. Сурхондарё, Навоий, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида эса нисбатан пастроқ кўрсаткичлар қайд этилди.

Fikr bildirish