«Янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда 63 та ривожланган давлат тажрибаси таҳлил қилинган» — Меҳнат вазири
1 min read

«Янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда 63 та ривожланган давлат тажрибаси таҳлил қилинган» — Меҳнат вазири

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов 2023 йилнинг 30 апрель куни кучга кириши кутилаётган янги Меҳнат кодекси тузилишидан аввал 63 та хорижий давлат тажрибаси ўрганилганини айтди. Бу ҳақда вазир Буюк Британия ҳукумати билан ҳамкорликдаги дастури доирасида ташкил этилган «Янги Меҳнат кодекси — муносиб меҳнат ва бизнес имкониятлари» мавзусидаги халқаро конференцияда маълум қилди.

Конференцияда сўз олган вазир 2022 йилнинг 28 октябрь куни давлат раҳбари томонидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси имзоланганини, ҳужжат 2023 йилнинг 30 апрелидан кучга киришини билдирди.

Янги Меҳнат кодексида эски кодексдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларни такрорловчи 34 та модда чиқариб ташланди. 

Масофавий иш бўлими мазкур меҳнат фаолияти шаклидаги хусусиятларни очиб берувчи бешта модда билан тўлдирилди. 50 дан ортиқ моддалар меҳнат муносабатлари, меҳнат ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг алоҳида аспектларини амалга ошириш механизмларини яна да тўлиқроқ очиб берувчи ва уларга аниқлик киритувчи меъёрлар билан тўлдирилди.

Қонунчиликка зид ёки бошқа қонун лойиҳаларидаги меъёрларни такрорловчи 60 га яқин хатбошилар алоҳида моддалардан олиб ташланди, — дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазир Нозим Ҳусанов.

Тадбирда, шунингдек, янги Меҳнат кодексининг асосий вазифалари санаб ўтилди.

 

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги
Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Меҳнат кодексининг янги таҳририда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларидан келиб чиқиб, меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган жамоат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий тамойиллари белгиланган ва аниқлик киритилган.Амалдаги Меҳнат кодексида мавжуд бўлмаган ходим ва иш берувчиларнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилди. Ходимларнинг шахсий маълумотларини ҳимоялашни назарда тутувчи параграф киритилди.

Меҳнатни оилавий мажбуриятлар билан уйғунлаштирган ишчиларнинг меҳнатини тартибга солиш масалаларида «гендер бетарафлиги» тамойили таъминланди.

Муддатли меҳнат шартномасини тузиш асослари сезиларли даражада кенгайтирилди. Шуни таъкидлаш жоизки, амалдаги Меҳнат кодексида муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун бор йўғи 3 та асос мавжуд эди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида эса муддатли меҳнат шартномасини тузиш бўйича 18 дан ортиқ асослар келтирилди. Ушбу асосларнинг кенгайиши бизнес юритиш, корхоналарнинг динамик тузилмасини ишлаб чиқиш учун яна-да қулай имкониятларни тақдим этади, иш берувчиларнинг тез ўзгарувчан бозор шароитларига тезкор муносабат билдириш имкониятларини кенгайтиради, — деди вазир.

Қўшимча қилинишича, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2 қисм, 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат.

Fikr bildirish