Ҳуқуқшунос: «Самарқанд ва Наманган шаҳарлари Тошкент каби вилоятлар билан тенг мақомда бўлади»
1 min read

Ҳуқуқшунос: «Самарқанд ва Наманган шаҳарлари Тошкент каби вилоятлар билан тенг мақомда бўлади»

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказишни таклиф қилди. Ҳуқуқшунос, мустақил тадқиқотчи Элдор Ҳамроев «Дарё»га тақдим этган мақоласида мазкур ўзгаришнинг аҳамиятини таҳлил қилинди.

«Миллионлик шаҳар»лар

Давлат раҳбарининг парламентга мурожаатномасида Самарқанд ва Наманган шаҳарларига республика бўйсинувидаги шаҳарлар мақомини бериш таклифи илгари сурилди. Бу нима дегани? Бу, оддий қилиб айтганда, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бир-биридан мустақил, алоҳида маъмурий бирликлар ҳисобланиши, Тошкент шаҳри вилоятлар билан тенг мақомда бўлгани каби, энди Самарқанд ва Наманган шаҳарлари ҳам ушбу номдаги вилоятлар таркибидан чиқарилиб, алоҳида мақомга, алоҳида бошқарувга эга бўлади дегани.

Биз фақат пойтахт Тошкент шаҳрининг алоҳида шаҳар бўлишига кўникиб қолганмиз. Лекин, масалан, Германияда Берлиндан ташқари Гамбург ва Бремен, Россияда Москвадан ташқари Санкт-Петербург, Қозоғистонда Остонадан ташқари Олма-ота ва Чимкент шаҳарлари бевосита марказга бўйсунадиган алоҳида субъектлар ҳисобланади.

Қолаверса, маъмурий-ҳудудий тузилишнинг ўзгариши — бу табиий жараён. АҚШ ҳам аввалдан 50 та штатдан иборат бўлмаган, янги ҳудудлар ўзлаштирилиб, ривожланиб боргани сари, улар қисмларга бўлиниб, янги штатлар ташкил этилган.

Ўзбекистон таркибида охирги марта 1982 йили Навоий вилояти ташкил этилган. Агар орада бир муддат бу вилоят тугатилиб, қайта ташкил этилганини инобатга олмасак, охирги 40 йил ичида Ўзбекистон таркибидаги ҳудудлар сони 14 тадан ўзгаргани йўқ, яъни Қорақалпоғистон, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳри республика бўйсунувидаги ҳудудлардир.

Энди Ўзбекистон 16 та маъмурий-ҳудудий бирликдан, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва учта республика аҳамиятидаги шаҳарлар — Тошкент, Самарқанд, Намангандан иборат бўлади. Бу ўзгаришнинг аҳамиятини тушуниш учун унга комплекс ёндашиб, баҳо бериш керак.

Энг аввало, бу ташаббус урбанизация, яъни аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб шаҳарларни ривожлантириш жиҳатидан муҳим. Марказий Осиё ҳудудида биринчи йирик, яъни «миллионлик шаҳар» мақомига Тошкент шаҳри 1960 йилларда эришган. Ўша пайтда юртимиз аҳолиси саккиз миллион кишидан сал кўпроқ бўлган.

Бугун Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион кишига етди. Аммо ҳалигача одамлар иш, ўқиш, даволаниш, дам олиш ва бизнес қилиш учун интиладиган шаҳар, «тортувчи марказ» — Тошкент шаҳри бўлиб қолмоқда.

Бу орада минтақамизда «миллионлик шаҳар»лар сони еттитага етди. Оддий мисол, қўшни Қозоғистонда аҳоли сони 19 миллион нафар бўлса-да, мамлакатда «миллионлик шаҳар»лар сони учта. Уларнинг барчаси республика бўйсинувидаги шаҳар мақомига эга.

Одамлар нега шаҳарларга интилади?

«Миллионлик шаҳар»лар мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга, бу назарий жиҳатдан ҳам, тарихдан ҳам ўз тасдиғини топган.

Чунки одамлар шаҳарларни, тартиб билан ривожланган йирик марказларни бежиз барпо этмаган. Бундай шаҳарда ҳаёт доим қайнайди, турли соҳалар, айниқса, хизмат кўрсатиш ҳисобидан кўплаб янги иш ўринлари яратиш мумкин бўлади.

Масалан, сиз сартарошлик, соат тузатиш, такси хизмати кўрсатасиз, савдо қиласиз ёки умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этгансиз. Айни шу ишни оддий туман маркази ёки кичик шаҳарда ташкил этиш билан республика даражасидаги шаҳарда ташкил этиш ўртасида осмон билан ерча фарқ бор.

Яна бир муҳим жиҳат, бу ташаббус бирданига пайдо бўлгани йўқ. Агар 2022 йилги Давлат дастурига диққат билан разм солсак, у ерда айнан Самарқанд ва Наманган шаҳарларини «миллионлик шаҳар»ларга ва «тортувчи марказлар»га айлантириш бўйича алоҳида банд бор.

Чиндан ҳам охирги йилларда бу икки шаҳарда президент ташаббуси билан йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Янги олий ўқув юртлари, туризм ва ишбилармонлик марказлари, саноат корхоналари, янги турар жой массивлари ташкил этилди.

2022 йилда биз биринчи марта пойтахтимиздан ташқарида, яъни Самарқанд шаҳрида халқаро даражадаги энг нуфузли тадбирлар — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти саммитларини ўтказдик.

Юқоридагиларни умумлаштириб айтганда, энди Ўзбекистонда фуқаролар, инвесторлар, тадбиркорлар ва сайёҳлар интиладиган жой — Тошкент шаҳри сафига, воҳа ҳудудида Самарқанд шаҳри, Фарғона водийсида Наманган шаҳри ҳам қўшилмоқда.

Бу таклиф бошқарув самарадорлиги жиҳатидан ҳам муҳим. Аслида маъмурий-ҳудудий бирликларни ташкил этишдан мақсад нима? Мақсад — бошқарувни, давлат органларини халққа яқинлаштириш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишдир.

Масалан, Сирдарё вилоятида 870 минг нафар одам яшайди. Уларга хизмат кўрсатиш учун битта вилоят, саккизта туман ва яна вилоятга бўйсинадиган учта шаҳар ташкил этганмиз. Уларнинг барчасида ҳокимлик, суд, прокуратура, маданият, таълим, пенсия жамғармаси бўлимлари ва бошқа кўплаб тузилмалар ишлаяпти.

Энди «миллионлик шаҳар»ларга айланаётган Самарқанд ва Наманган шаҳарларини олайлик. Демак, бу шаҳарларда яшаётган аҳолининг муаммолари билан ишлаш, ҳудудни ривожлантириш, жиноятчиликка қарши курашиш учун ҳам Сирдарё вилоятидагидан кам бўлмаган куч ва воситалар ажратилиши керак. Ёки бошқа мисол. Тошкент шаҳри 1930 йилда республика пойтахти бўлган. Лекин ўшанда ҳам ҳудуд Тошкент вилояти таркибида қолган. Фақатгина 1943 йилда шаҳар Тошкент вилояти таркибидан чиқарилиб, республика бўйсинувига ўтказилган. Нега? Демак, ўз вақтида Тошкент шаҳрини ҳам республика бўйсинувига ўтказиш учун сабаб унинг пойтахт бўлгани эмас, ҳудуднинг кенгайгани, аҳоли сони ошгани ва уни ривожлантириш учун алоҳида эътибор зарурлиги бўлган.

Бугун Самарқанд ва Наманган шаҳарларига шундай мақсад билан республика аҳамиятидаги шаҳар мақоми берилмоқда.

Шаҳарларга янги мақом берилишининг юридик аҳамияти

Бу янгиликнинг юридик жиҳатдан ҳам аҳамияти катта. Охирги йилларда Наманган шаҳри таркибида иккита янги туман — Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ташкил этилди. Самарқанд шаҳри таркибида ҳам туманлар ташкил этиш ташаббуси ҳақида очиқ манбаларда ўқиш мумкин. Мақсад, юқорида айтилганидек, сони тобора ўсаётган аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш.

Лекин юридик жиҳатдан исталган қонунчиликни олиб қарасак, Ўзбекистонда давлат бошқаруви уч босқичли тизимга асосланганини кўрамиз: республика — вилоят — туман (шаҳар). Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрига ҳам деярли барча ҳолатларда, вилоятлар учун белгиланган қоидалар амал қилади. Фақатгина Наманган мисолида янгича, тўрт босқичли тизим пайдо бўлди: республика — Наманган вилояти — Наманган шаҳри — Давлатобод тумани.

Мана шу жойда айрим саволлар пайдо бўлаётган эди. Масалан, маҳаллий бюджетни тузишда қайси харажатлар Наманган шаҳар бюджетидан, қайсилари Давлатобод тумани бюджетидан молиялаштирилиши керак? Ёки прокуратура тизимида туман ва шаҳар прокурорларининг вазифалари аниқ чегараланган. Наманган шаҳар прокурори ва Давлатобод туман прокурорининг ваколатлари-чи? Уларни қандай чегаралаш керак? Шу нуқтаи назардан йирик шаҳарлар таркибида, хусусан, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида туманлар ташкил этилса, бутун қонунчилик тизимини бу янгиликка мослаштиргандан кўра, ушбу шаҳарларни, худди Тошкент шаҳри сингари, республика бўйсинувига ўтказишимиз жуда тўғри ва мантиқий қарор ҳисобланади.

Тўртинчидан, мазкур ташаббус тадбиркорлик муҳити ёки инвестициявий жозибадорлик нуқтаи назаридан ҳам алоҳида қимматга эга. Бу ерда давлат бизнесга ўзига хос «сигнал» беряпти: «Ўзбекистонда яна иккита шаҳар Тошкент шаҳри каби алоҳида мақомга эга бўлади, улар тез орада янада ривожланади, аҳоли сони ошади, ўз капиталингизни бу шаҳарларга йўналтирсангиз, асло кам бўлмайсиз» деяпти.

Транспорт-логистика жиҳатдан ҳам шундай. Ҳозир республикага келаётган авиакомпаниялар учун Тошкент шаҳри асосий авиация хаби ҳисобланади. Бошқа аэропортларнинг барчаси деярли тенг мақомда. Уларнинг эҳтимол биз учун фарқи бордир, лекин ташқаридан қараган одамга ҳаммаси тенг.

Энди Самарқанд ва Наманган шаҳри аэропортларининг нуфузи ортади, ушбу шаҳарлар билан тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга қизиқувчилар кўпаяди.

Шаҳарлар алоҳида бюджетига эга бўлади 

Шу ўринда, бу ўзгариш оддий одамларга, масалан, ҳар икки шаҳар ва ҳар икки вилоят аҳолисига нима беради, деган савол туғилиши табиий.

Энг аввало, бу ўзгариш одамлар ҳаётида қийинчилик ёки ноқулайлик келтириб чиқармайди: ҳамма ўз иши, кундалик ҳаёт тарзини аввалгидай давом эттираверади. Одамлар бундан кейин ҳам ўзи истаган жойида дам олиши, ўқиши, даволаниши, ишлаши мумкин бўлади, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Аксинча, мазкур шаҳарларда яшовчилар учун янги имкониятлар эшиклари очилади. Самарқанд ва Наманган шаҳарлари алоҳида шаҳар сифатида ўз бюджетига эга бўлади. Мазкур шаҳарлардан илгари вилоят бюджетига тушган тушумлар энди шаҳарнинг ўзида қолади. Ҳар икки шаҳарни тартиб билан, одамларга қулай тарзда ривожлантириш учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқилади.

Самарқанд ва Наманган вилоятларининг бошқа ҳудудларида-чи? Уларда нима ўзгаради?

Агар статистикага мурожаат қилсак, бу икки вилоят жуда кўп кўрсаткичлар, жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат ишлаб чиқариш ҳажми, иш ўринлари сони, инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар миқдори бўйича республикада олдинги ўринларда туради.

Лекин, ҳеч кимга сир эмаски, бу кўрсаткичларда энг катта улуш — Самарқанд ва Наманган вилоятларининг ҳозирги марказлари ҳиссасига тўғри келади. Энди уларнинг таркибидаги шаҳарлар алоҳида ажралганидан кейин юқорида санаб ўтилган кўрсаткичлар статистика нуқтаи назаридан сезиларли даражада пасаяди. Шу тарзда икки вилоятнинг бошқа туманлари ва шаҳарларидаги ҳақиқий кўрсаткичлар шаклланади.

Шундан кейин бу кўрсаткичларни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланади, ушбу ҳудудларга бўлган эътибор янада ошади.

Тошкент вилоятининг маркази — Нурафшон шаҳри бўлгани сингари, бу вилоятларнинг ҳам янги маркази белгиланади.

Ўз-ўзидан айримларда бу таклифнинг молиявий ҳисоб-китоби қандай бўлади, янги харажатларга олиб келмайдими, деган савол бўлиши мумкин.

Табиийки, харажатлар бўлади. Лекин шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу ўзгариш натижасида Самарқанд ва Наманган шаҳарларининг нуфузи, инвестициявий жозибадорлиги ортиши, бизнеснинг ривожланиши, иш ўринларининг кўпайиши, шу орқали солиқ тушумлари ортиши ҳисобига харажатлар ўзини оқлайди.

Президент таклифини амалга ошириш учун, энг аввало, Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, Олий Мажлис палаталарининг тегишли қарорларини қабул қилиш лозим бўлади.

Fikr bildirish