Саида Мирзиёеванинг ўқитувчилар ҳақидаги ташаббуси МДҲнинг қатор давлатлари депутатлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда
1 min read

Саида Мирзиёеванинг ўқитувчилар ҳақидаги ташаббуси МДҲнинг қатор давлатлари депутатлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда

Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчилар қадри, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида гапирганди.

«Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи ‘массовка’, матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди.

Энди бу ишларни тўхтатиш вақти келди. Чунки ўқитувчилар қадрини кўтармас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тез орада қабул қилиниши кутиляпти», — деган эди у.

Саида Мирзиёева ўқитувчининг қадри ҳам, қадди ҳам баланд бўлган жамият қуриш кераклигини, бутун жамият ўқитувчини ҳимоя қилиб, уни мажбурий меҳнатга, турли қўшимча ишларга жалб қилишга қарши турсагина, бунга эриша олиш мумкинлигини таъкидлаганди.

Унинг бу чиқишидан кейин Россия Думаси депутати Артём Кирянов бу муаммо Россияда ҳам долзарб эканлигини айтди.

«Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этишни бас қилишни таклиф қилган чиқишини кўрдим. Унинг нутқи барча ҳудудларда жамоатчилик эътиборини тортди. Бу рамзий маънога эга, чунки келаси йил бизда «Ўқитувчилар ва мураббийлар йили» деб эълон қилинган.

Россия тарихини эсласак, мамлакатимизда ўқитувчилик доим энг ҳурматга лойиқ, инқилобдан аввал эса — энг кўп маош тўланувчи касбларда бири бўлган. Ўқитувчи ўқувчилар ўртасида ҳам, ота-оналар ўртасида ҳам обрўга эга бўлган. Аслида ҳам бу айни ҳақиқатдир, чунки айнан ўқитувчилар ёш авлодга ахлоқий тарбия асосларини бериб, бизнинг умумий келажагимизни шакллантиради. Аммо кейинчалик жамиятга сезилмас тарзда таълим ва тарбия беришдан таълим хизматини кўрсатишга ўтиб кетилди ва шунга яраша ўқитувчиларга муносабат ҳам ўзгарди. Ҳозир буни тўғрилашнинг айни пайти», — деган депутат.

Россия Давлат думасининг яна бир депутати — бокс бўйича оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони Николай Валуев ҳам Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.

«Бу муаммо Россияда ҳам жуда долзарб. Шу сабабли Саиданинг фикрларини тўла қўллаб-қувватлайман», — деди Валуев.

Қирғизистонлик депутат Бахридин Шабазов Саида Мирзиёева томонидан кўтарилган ташаббусни Қирғизистонда ҳам жорий этишни таклиф қилди.

«Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ташаббусини тўла қўллаб-қувватлайман. Бу ташаббусни Қирғизистонда ҳам жорий этиш керак», — деди Бахридин Шабазов.

Fikr bildirish