«Ғазначилик Солиқ ва Божхона қўмиталари билан бирлаштирилиши керак» — иқтисодчи айрим вазирлик ва идораларни қисқартиришни таклиф қилди
1 min read

«Ғазначилик Солиқ ва Божхона қўмиталари билан бирлаштирилиши керак» — иқтисодчи айрим вазирлик ва идораларни қисқартиришни таклиф қилди

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров берган интервьюсида айрим вазирлик ва идораларни қисқартириш ҳамда бирлаштириб юбориш масаласида фикр билдирди.

Абдулла Абдуқодировнинг айтишича, бугун саноат сиёсатига эътиборни кучайтириш муҳим вазифалардан бўлиши зарур.

«Ғазначиликни Молия вазирлигидан алоҳида чиқариб, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан бирлаштириб юбориш керак. Иқтисодиёт вазирлиги билан Молия вазирлигини ҳам бирлаштирса бўлади. Марказий банк мустақиллигини сақлаб қолиш керак.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигини Инвестициялар ва саноат вазирлигига айлантириш лозим. Чунки саноат сиёсати яққол кўринмаяпти. Тоғ-кон саноатида қилинаётган катта ишларга президент ҳам эътибор берди. Нима учун бу ишларни қиляпмиз? Хўп, мисни ишлаб чиқарайлик. Кейин уни нима қиламиз, маҳсулотни қайта ишлаш масаласи ҳам бўладими ёки йўқ? Саноат сиёсати бугун биз учун жуда долзарб масала. Лекин уни инвестициядан ташқари ҳолда кўриш имконияти йўқ. Айнан саноатга инвестициялар бугунги кунда катта аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, бугун ижтимоий ҳимояга жавоб берадиган вазирлик ҳам керак. Тўғри, бундай вазирлик бир пайтлар бўлганди. Менимча, Меҳнат вазирлиги билан ижтимоий ҳимоя вазирлигини битта қилиб ташкил этиш мумкин. У камбағалликни қисқартиришга ҳам жавоб бериши керак», — деди иқтисодчи.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилишини, давлат хизматчилари сони ҳам босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқаришини айтганди.

Fikr bildirish