Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари энергетика қувватларини модернизация қилишга келишиб олди
1 min read

Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари энергетика қувватларини модернизация қилишга келишиб олди

Тор доирадаги музокаралардан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев кўп қиррали ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон—Қозоғистон ҳамкорлигининг барча йўналишларида салмоқли натижаларга эришилаётганини, долзарб масалалар биргаликда ҳал қилинаётганини таъкидлаган.

«Бугун иккита тарихий ҳужжатни имзолаймиз. Қардош халқларимизнинг туб манфаатларига жавоб берадиган ҳамда Ўзбекистон—Қозоғистон муносабатлари тарихида янги босқич бошлайдиган иттифоқчилик тўғрисидаги шартномани алоҳида қайд этмоқчиман.

Иттифоқчилик — давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражаси, ўзаро ишонч белгиси. Шу билан умумий келажагимизни биргаликда қуришга интилишимизни тасдиқлаяпмиз.

Давлат чегараларини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома алоқаларимиз мустаҳкамлигидан далолат беради, минтақада тинчлик ва хавфсизлик мақсадларига хизмат қилади. Чегараларимиз доимо дўстлик ва яхши қўшничилик ҳудуди бўлган ва шундай бўлиб қолади», — деган Шавкат Мирзиёев.

Қозоғистон етакчиси бугун имзоланадиган шартномалар янги уфқлар очиши ҳамда икки мамлакатнинг янада яқинлашишга муштарак интилишларини тўлиқ ифода этишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёевга бунёдкорона сиёсати ва Қозоғистон—Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Унинг ташаббуси билан амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ушбу ислоҳот Ўзбекистон тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдирди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаги иқтисодиёт экани, икки мамлакатнинг улкан салоҳиятидан фойдаланишга эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Транзит салоҳиятидан фойдаланиш ва уни ошириш ҳамкорликнинг муҳим соҳаларидан бири сифатида қайд этилди.

Кооперация лойиҳаларини илгари суришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугун энергетика, автомобилсозлик, кимё, электротехника, қурилиш, логистика ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларга старт берилиши мамнуният билан қайд этилди.

Давлат раҳбарлари энергетика қувватларини модернизация қилиш ва қуриш, геология қидируви ва табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни илгари суришга келишиб олди.

Fikr bildirish